Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олима аёллар фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
2021-09-09 | Жамият
Инновацион ривожланиш вазирлигида 8 сентябрь куни хотин-қизларнинг илмий фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда республикада мавжуд барча олий таълим муассасаларнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари, олима аёллар, ёш тадқиқотчи ва докторантлар иштирок этишди.
Шунингдек, тадбирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Гулноза Исмоилованинг Европа Иттифоқи пойтахти Брюссел билан алоҳида алоқада бўлган таниқли аёллар тақдирланадиган European International Womenʼs Leadership Awards мукофотининг 2021 йилги лауреати бўлгани муносабати билан тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларга асосланган дастурий ишланмаларини, инновацион ғояларини, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштирувчи ягона электрон тизимида мавжуд 2 483 нафар хотин-қизлар олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқда.
Илмий фаолият билан шуғулланаётган аёлларнинг 3 568 нафари илмий даражага эга бўлиб, уларнинг 707 нафари фан доктори, 2 412 нафари фан номзоди ва 449 нафари PhD илмий даражасига эга ходимлар ҳисобланади.
2020 йилда якунланган 1 021 та илмий лойиҳанинг 204 таси (52 та фундаментал, 152 та амалий), яъни 19,9 фоизи олима аёллар раҳбарлигида бажарилган.
Ҳозирги кунда илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ умумий йиллик молиявий ҳажми 45,4 млрд сўмлик 82 та илмий лойиҳалар олима аёллар томонидан бажарилмоқда (27,8 млрд сўмлик 57 амалий, 16,9 млрд сўмлик 25 та инновацион лойиҳалар). Амалга оширилаётган илмий лойиҳаларда 696 нафар аёллар иштирок этиб, улар томонидан лойиҳалар доирасида тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган янги ишланмалар яратилмоқда.
Республикамизда хотин-қизларни илм-фанга кенг жалб қилиш, фан-таълим ва иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларида илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг янги ғоя ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 2020 йил март ойида аёллар учун алоҳида танлов – «Олима аёллар грантлари» ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди. Ҳозирги кунда танловга тақдим этилган 214 та лойиҳа белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилмоқда.
Тадбир якунида қатнашчиларнинг бир қанча саволларига вазирликнинг масъул шахслари томонидан жавоблар берилди. Таъкидланишича, ҳозирда кўпчиликни ўйлантираётган масала, докторантура учун бу йилги қабул квоталари икки бараварга оширилиб, умумий 3600 нафарга етказилган ҳамда 15 сентябргача расмий буйруқлар ОТМларга етказилади. Шунингдек, эндиликда ўтказилаётган танловлар доирасида агар вилоятдаги тадқиқотчининг илмий иши пойтахтга келишни талаб қилса, тадқиқотчи ва илмий раҳбарнинг йўл ва яшаш харажатлари вазирлик томонидан қоплаб берилади.
Вазирлик томонидан ташкил этилаётган танлов мавзуларини шакллантиришда йўл қўйиладиган асосий камчиликлар сифатида, муайян муаммони ва унинг ечимини «такомиллаштириш», «жадаллаштириш», «ўрганиш», «тадқиқ қилиш», «таҳлил қилиш», «чуқурлаштириш», «татбиқ этиш», «жорий этиш», «оптималлаштириш», «услубларни ишлаб чиқиш», “…хоссалари», “…механизмлари», “… хусусият»ларини ўрганишга, «луғат ёки ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш»га бағишланган мавзулар келтириб ўтилди. Мазкур терминлар қатнашган саёз ва такрорланган илмий ишлар ҳайъат аъзолари томонидан танловдан четлаштирилиши айтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги