Бухоро вилояти Олот туманида информатика ва ахборот технологиялари бўйича ихтисослаштирилган мактаб очилди
Ўқувчиларга ахборот технологиялари ва компютерда дастурлаш асосларининг чуқур ўргатилишини ташкил этиш мақсадида, Бухоро вилояти Олот туманидаги 1 сон умумтаълим мактаби негизида информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактабнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси, Бухоро вилоят ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлиги вилоят бошқармаси ҳамда бириктирилган ҳомий корхона ва ташкилотлар раҳбар ва ходимлари иштирок этдилар.
Мактабда замонавий информатика ва робототехника хоналари, рақамли кутубхона ташкил қилинди. АТ “Алоқабанк” Бухоро филиалининг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан хоналар замонавий таъмирланиб, сўнгги русумдаги компютер техникалари, интерактив сенсорли доскалар, 3Д принтер ва ардуино қурилмалари билан таъминланди.
Илм масканида бу каби имкониятлар ўқувчиларнинг “Бир миллион дастурчи” йирик лойиҳасида иштирок этиб, дастурлаш ё‘налишида ҳам ўз билим ва иқтидорларини намойиш этишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги