Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида

2021-09-08 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш орқали ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб:

камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди;

тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.

2. Давлат солиқ қўмитасининг 2022 йил январь – июль ойларида эксперимент тариқасида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботларининг солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилиши ва шакллантириб берилиши тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, эксперимент доирасида:

а) солиқ органлари:

юридик шахслардан олинадиган ер солиғини – Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида;

қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни – электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаради ва солиқ ҳисоботини шакллантиради;

б) солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчилар учун белгиланган тегишли солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан камида 10 кун олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади;

в) солиқ тўловчи солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботини олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни тасдиқлайди ёки, агар эътирозлари мавжуд бўлса, уни рад этган ҳолда, солиқ ҳисоботини қайта ишлайди ва ўрнатилган тартибда солиқ органларига тақдим этади.

4. Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар
билан биргаликда:

а) 2022 йил 1 январга қадар солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаш учун зарур бўлган солиқ солиш объекти ёки солиқ солиш билан боғлиқ бошқа объектларни электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш имкониятларини яратсин;

б) қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

2021 йил 1 ноябрга қадар қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида, шунингдек, солиқ солиш объекти ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ бошқа объектлар бўйича маълумот тақдим этиш талабларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича таклифларни;

2022 йил 1 августга қадар эксперимент натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда уни республиканинг барча ҳудудларидаги солиқ тўловчиларга татбиқ этиш ҳамда солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботи шакллантириладиган солиқлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклифларни.

5. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул
ва шахсий жавобгар этиб Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 августгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 7 сентябр

Манба: ЎзА

Поделиться