Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жиззах шаҳрида Қозон Федерал университети филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

2021-08-30 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Қозон Федерал университетининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий таълим дастурлари асосида чуқур фундаментал ва илмий-амалий билимга эга юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ҳудудий инновацион-таълим тармоғини яратиш, рақамли таълим тизимини шакллантириш ҳамда иш берувчиларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида:

1. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Қозон Федерал университетининг (Россия Федерацияси) (кейинги ўринларда – Университет) Жиззах шаҳрида Қозон Федерал университетининг филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Жиззах шаҳридаги Қозон Федерал университетининг филиали (кейинги ўринларда – Филиал) фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқ геология, дастурий инжиниринг, иқтисодиёт, машинасозлик, даволаш иши, стоматология, фармация, тиббий биокимё каби бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

замонавий таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, илм-фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини татбиқ этиш, ўқув-педагогик салоҳиятни ривожлантириш;

фундаменталилмий-амалий ва инновацион тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

илм-фан ва таълимнинг сифатини ошириш, уларнинг узвийлигини таъминлаш, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига мақсадли интеграциялашув орқали мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес-ҳамжамиятлари билан таълим ҳамда илм-фан соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш
ва ривожлантириш.

3. Белгилансинки, Филиал:

Университетнинг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

кадрларга бўлган эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда олий таълимнинг сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мос таълим дастурлари асосида барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширади;

таълим жараёнини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва таълим дастурлари асосида олиб боради;

кадрлар тайёрлашни кундузгисиртқи ва бошқа таълим шаклларида олиб боради;

таълим фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди;

абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказишни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширади;

битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида олий маълумот сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломини беради;

фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ амалга оширади.

4. Маълумот учун қабул қилинсинки, Университет:

Филиал таълим жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этади;

Филиал профессор-ўқитувчилари таркибининг 40 фоиздан кам бўлмаган миқдорини Университет ва хорижий олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларини дарс беришга ва илмий фаолиятга жалб этиш орқали шакллантиради;

Филиал профессор-ўқитувчиларини маҳаллий ҳамда хорижий олий таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ва етакчи корхоналарда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини тизимли равишда ташкил этади;

Филиалнинг кутубхона фондини шакллантириш ҳамда уни замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга кўмаклашади;

Филиалнинг зарур ўқув, лаборатория ва илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозланишини таъминлайди;

Филиалнинг профессор-ўқитувчилари ва талабаларини Н.И. Лобачевский номидаги кутубхонанинг электрон ресурслар базасидан фойдаланиш имконияти билан таъминлайди.

5. Белгилансинки:

Филиалга бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул параметрлари манфаатдор вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган реал эҳтиёжини ҳисобга олиб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Университет билан келишилган ҳолда Филиал томонидан тасдиқланади;

Филиалга талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бунда, давлат гранти асосида таълим олган Филиал битирувчилари уч йилдан кам бўлмаган муддат мажбурий ишлаб бериш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва ташкилотларига тақсимланади;

Филиалда ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Университет билан келишилган ҳолда Филиал томонидан белгиланади;

2021/2022 ўқув йилидан Университет Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали билан ҳамкорликда “Дастурий инжиниринг”, “Фармация” ва “Ахборот тизимлари ва технологиялари” таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни бошлайди ҳамда мазкур йўналишлар бўйича ўқишга қабул қилинган талабалар келгусида ўқишларини Филиалда давом эттиради;

Филиал ўттиз суткадан ортиқ муддатга Университетдан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари харажатлари Россия Федерациясининг олий таълим ташкилотлари учун белгиланган нормаларга мувофиқ қопланади;

Филиал ўқув жараёнининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Университетдан узоқ муддатга жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиалнинг дарс жараёнида фойдаланиладиган махсус ускуналар ва дастурлар билан ишлаш кўникмасига эга, юқори малакали ходимлари учун Филиалнинг бюджетдан ташқари маблағлариҳисобидан устамалар белгиланиши мумкин;

Филиалга илмий фаолият олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг яшаш харажатларини тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифларда тўлашга рухсат берилади;

2022 йилда Филиал фаолияти йўлга қўйилган кундан бошлаб Филиални сақлаш учун бюджет маблағлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ажратилади ва кейинги йиллардан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

6. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Филиалга ўқишга қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 30 фоизидан ошмаган ҳолда давлат гранти асосида талабаларни ўқитиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан келиб тушадиган маблағлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Жиззах вилояти ҳокимлиги (Э.Салиев):

Филиални Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов кўчасида жойлашган собиқ Олий ҳарбий авиация билим юрти бино ва иншоотларининг бир қисмига ижара ҳақининг ноль ставкаси асосида жойлаштирсин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда симуляцион ва имитацион ўқитиш усуллари асосида Филиалда оилавий поликлиника ташкил этсин.

8. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) Жиззах вилояти ҳокимлиги (Э.Салиев) ва Университет билан ҳамкорликда:

2021 йил якунига қадар Филиалнинг таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек, Филиални белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

2022/2023 ўқув йили бошлангунига қадар Филиални танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминласин;

2022 йилнинг якунига қадар Филиал таркибида OpenLab илмий-тадқиқот лабораторияси фаолиятини ташкил этсин.

OpenLab лабораторияси республика ва чет эл илмий тадқиқотчилари учун фундаментал ва амалий илмий-тадқиқотларни амалга оширишга мўлжалланган, замонавий жиҳозланган илмий инфратузилмага эга марказ сифатида фаолият юритиши инобатга олинсин.

9. Белгилансинки, Филиалга ажратилган:

бино, иншоотлар ва ҳудудларни сақлаш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан коммунал тўловлар Филиал маблағлари ҳисобидан қопланади;

ўқув хоналари, талабалар турар жойи ва хорижий профессор-ўқитувчилар меҳмонхонасини таъмирлаш ва жиҳозлаш Филиалга 2022 йилда республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Молия вазирлиги мазкур банддаги тегишли чора-тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни 2022 йилдаги Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Филиал учун бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш ишларини 2023–2025 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритсин.

10. 2024 йил 1 январга қадар Филиални реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўқув ва илмий-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, инвентарлар, қурилиш материаллари ва моддий-техник ресурслар божхона божидан озод этилсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш.Иноятов ва Жиззах вилояти ҳокими Э.А.Салиев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

     Президенти                                 Ш.Мирзиёев

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 28 август

Манба: ЎзА

Поделиться