Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд ёш тадбиркорлар маконига айланади
2021-08-26 | Ёшлар
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда Самарқанд вилоятида ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада вилоятда ўзига хос тажриба яратиш бўйича топшириқлар берган эди.
Ушбу топшириқдан келиб чиқиб Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Самарқандда бўлиб, ёш тадбиркорлар, вилоят раҳбарлари билан учрашди.
Жумладан, Ургут туманида “Ургут” эркин иқтисодий зонасига кирган корхоналар, ёш тадбиркорларнинг фаолияти билан танишув чоғида бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
“Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси, “Urgut micro metal” ҳамда “SN GROUP” корхоналарини бошқараётган, ушбу масканларда меҳнат қилаётган ёшлар Самарқандни ёш тадбиркорлар маконига айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги, ишбилармонлик қобилиятига эга йигит-қизлар кўплиги таъкидланди.
– Фаолият кўрсатиш учун жой, кредит масалаларида ёрдам берилса, замонавий бизнес тамойиллари ўргатилса, Самарқандда, хусусан, Ургутда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган ёшлар жуда кўп, – дейди “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси таъсисчиси Мажидхон Исломов. – Шу йилнинг апрель ойида давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифлари чоғида Самарқанднинг барча туман ва шаҳарларида “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг филиаллари ташкил этилишини айтган эдилар. Бу ҳам ёш тадбиркорлар учун жуда катта имконият бўлади. Биз ҳам бу имкониятдан фойдаланиб, туманимиздаги маҳаллаларда, бошқа туманларда корхонамиз филиаларини очомқчимиз. Ва асосан, ёшларни ишга қабул қилиб, уларга ҳунар, шу билан бирга тадбиркорликни ўргатамиз.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Самарқанд “Келажак лидерлари” клуби аъзолари билан суҳбатлашиб, вилоятда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, “Mfaktor” асосчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидов ҳамда мамлакатимизнинг таниқли тадбиркорларининг самарқандлик ёш тадбиркорлар ҳамда ушбу соҳани бошлаш истагидаги ёшлар билан учрашувида ҳам кўплаб таклифлар эшитилди.
Манба: ЎзА