Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Умумий овқатланиш ва туризм соҳаларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
2021-08-25 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Коронавирус пандемияси даврида умумий овқатланиш ва туризм соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган масалалар ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Белгилансинки, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
2021 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади;
2023 йил 1 сентябрга қадар туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
2. Умумий овқатланиш корхоналарига маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза юбормасдан туриб, солиқ органларини хабардор қилган ҳолда айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва йиғимлар бўйича 2021 йил 15 август ҳолатига кўра мавжуд қарздорликни, шунингдек, барча солиқлар бўйича жарима ва пеняларни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилсин.
3. Тижорат банкларининг умумий овқатланиш соҳасида хизмат кўрсатувчи мижозларини молиявий соғломлаштириш учун банк хизматларининг турли хил инструментларидан фойдаланиб, уларни қўшимча қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
4. Молия вазирлиги бир ой муддатда мазкур қарордан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 25 август.
Манба: ЎзА