Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри. Расмий муносабат
2021-08-17 | Экология
«Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри «Табассум-2» МФЙдан ёзяпмиз. 14-мактаб рўпарасидаги кўп қаватли уй ёнидаги ҳеч кимга хавф туғдирмайдиган 2 туп кўркам гужум дарахти экологлар рухсати билан кесилмоқда эди. Биз фуқароларни дарахтларни сақлаб қолдик. Энди дарахтларни экология ходимларининг ўзидан ҳимоя қиламиз шекилли?!» сарлавҳаси остида хабар эълон қилинди.
Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси шуни маълум қиладики, бошқармага Давлат хизматлари портали орқали жорий йилнинг 28 июнь куни 33069720-сонли (2 туп қайрағоч дарахти ён шохларига шакл бериш ва буташ учун) мурожаат келиб тушган. Мурожаат бошқарма инспекторлари томонидан ўрганилганда 2 туп қайрағоч дарахтларининг шохлари электр симларига тегиб қолганлиги маълум бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрсидаги» ги қарори иловаси билан тасдиқланган «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда, дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 34-банди, 2-хатбошиси бўйича мурожаат муаллиф Бекмуродов Алишерга тушунтириш берилиб, Қарши шаҳар назорат инспекцияси инспекторларининг назорати остида электр симларига тегиб қолган икки туп қайрағоч дарахтининг ён шохларига шакл бериш ва буташ учун мақсадга мувофиқлиги тўғрисида жавоб берилган.
Мурожаатда кўрсатилган 03/15-27-519-сонли хатда ҳам барча маълумотлар аниқ кўрсатиб ўтилган. Бу мурожаат бўйича йўлланган жавоб хати амалдаги ўрнатилган тартиб бўйича ёзилган, ҳеч қандай хато-камчиликлар ёки эътироз билдирувчи сабаблар мавжуд эмас. Мурожаат қонуний асосда кўриб чиқиб, мазмунан ҳал этилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги