Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ШҲТга аъзо давлатлар аграрчи вазирлари Аграр технологияларни алмашиш ва таълим бўйича кўргазма базасини яратиш концепциясини тасдиқлашди
2021-08-13 | ШҲТ
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев 2021 йил 12 август куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аъзо давлатлари вазирларининг қишлоқ хўжалиги бўйича олтинчи йиғилишида иштирок этди.
Тадбир натижаларига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қўшма баёноти маъқулланди ва имзоланди, шунингдек Аграр технологияларни алмашиш ва таълим бўйича ШҲТнинг кўргазма базасини яратиш концепцияси тасдиқланди.
«Хитойнинг «Қишлоқ хўжалигига оид янги юқори технологиялар Янлин кўргазма зонаси» базасидаги Аграр технологияларни алмашиш ва таълим бўйича ШҲТ кўргазма базаси, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида 2010 йилда тузилган «Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги битим» ҳамда ҳамкорлик борасидаги соҳадаги бошқа ҳужжатларни амалга ошириш мақсадида яратилмоқда, – деди вазир Жамшид Ходжаев. – Янлин кўргазма зонасининг филиали Ўзбекистонда М.Мирзаев (Шредер) номидаги ИТИ ҳудудида, шунингдек Тошкент вилояти Билим ва инновациялар AKIS маркази базасида жойлашади. У агропарк шаклида бўлиб, Хитой хусусий компаниялари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришади, технологияларни жорий этишади ва намойиш қилишади ҳамда маҳаллий фермерлар учун амалий машғулотлар ўтказишади. Дастлаб Хитойнинг 20 га яқин компаниялари иштирок этиши кутилмоқда».
Вазир қишлоқ хўжалиги соҳаси ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг энг фаол жабҳаларидан бири эканини таъкидлади. Кўргазма базаси давлатлар ўртасида тажриба алмашишга, бозор тамойиллари асосида соҳага оид ҳамкорликни ривожлантиришга, янги юқори агротехнологиялар ҳамда юқори технологияли қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш соҳасидаги илғор билимларнинг кенг ёйилишига ҳисса қўшади.
Илгари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби: «Янлин юқори технологияли қишлоқ хўжалиги кўргазма саноат зонаси бугунги кунда фан ва амалиёт ютуқлари асосидаги халқаро алмашинувлар ва ҳамкорликнинг янги модделарини ривожлантиришнинг нуфузли ҳамда кенг қамровли платформаларидан бири тариқасида Хитойнинг миллий бренди деб тан олинди» - деб айтган эди.
12 август куни онлайн форматда ўтказилган учрашувда бош котиб Владимир Норов бошчилигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Кобитияти, ФАОнинг Европа ва Марказий Осий бўйича минтақавий вакили Владимир Раҳманин, шунингдек ШҲТга аъзо давлатлар — Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Қирғизистон, Покистон ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича вазирлари иштирок этишди.
Учрашувда келишилган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қўшма баёнотга кўра, аъзо давлатлар қуйидаги йўналишларни янада ривожлантиришни режалаштиришган:
- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан, хусусан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ўзаро манфаатли савдо-сотиқ қилиш;
- озиқ-овқатни ўз вақтида етказиб бериш бўйича ШҲТнинг "яшил" транспорт йўлаклари ва йўналишларни ташкиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзаро алмашиш учун ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги соҳасидаги назорат органлари бўйича ҳамкорлик ўрнатиш.
Аъзо давлатлар ШҲТнинг халқаро ташкилотлар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорлигини янада ривожлантиришдан манфаатдор.
Жамшид Ходжаев, Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун 2023 йилгача БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Минтақавий конференциясининг 2023 йилгача амалдаги раиси сифатида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва ФАО ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришнинг муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек Ўзбекистон ушбу икки ташкилотнинг ўзаро алоқасини янада чуқурлаштиришга кўмак кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТ давлатларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлиги тўғрисидаги асосий ҳужжат 2010 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида имзоланган эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги