Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хамшираларга малака тоифалари қандай шартлар асосида берилади.
2021-08-11 | Соғлиқни сақлаш
Мутахассисларнинг билим-малакаси иш жараёнида янада мукаммаллашиб боради. Малакали мутахассислар эса бошқалардан кўра кўпроқ имтиёз ва моддий рағбатлантиришларга эга бўлишлари зарур. Шунинг учун кўпгина соҳа вакиллари, хусусан, ҳамшираларга ҳам малака тоифасига қараб қўшимча устама ва имтиёзлар белгилланади. Малака тоифасини олиш ва уни кўтариш учун эса, маълум вақт оралиғида аттестация синовларидан ўтиб туриш талаб этилади.
ССВ матбуот хизмати ўрта тиббиёт ходимларининг малака тоифаси олиши билан боғлиқ масалалар ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Гулнора ЮСУПАЛИЕВА билан суҳбат қилди:
— Ҳамшираларга малака тоифасини бериш қандай ҳуқуқий асосда тартибга солинади?
— Ҳамширалар, яъни ўрта тиббиёт ходимларининг малака тоифаси олиш жараёнлари Соғлиқни сақлаш вазирининг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига мувофиқ амалга оширилади. Буруққа биноан ишлаб чиқилган низомда унинг тартиб ва меъёрлари кўрсатиб ўтилган.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш уларни ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришга йўналтириш ва моддий рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади.
— Ўрта тиббиёт ходимлари қанча вақтда малака тоифасини янгилаши керак? Тиббиёт ходимларининг қандай малака тоифалари мавжуд?
— Малака тоифасини олиш “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимлари учун ихтиёрий бўлиб, уларнинг мурожаатига кўра амалга оширилади. Шифокорлар эса ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтказилади. Қулайлик яратиш ва аттестациянинг шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун синов жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига учинчи, иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.
Учинчи малака тоифаси — керакли назарий билимга эга бўлган, лекин иккинчи малака тоифасини олиш учун зарур иш стажига эга бўлмаган ўрта тиббиёт ходимларига берилади.
Иккинчи малака тоифаси — мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига ҳамда зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади. Иккинчи малака тоифасини олиш учун учинчи малака тоифасининг бўлиши талаб қилинмайди.
Биринчи малака тоифаси — мутахассислиги бўйича камида етти йил иш стажига, яхши назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда иккинчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.
Олий малака тоифаси — мутахассислиги бўйича камида ўн йил иш стажига, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда биринчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади. Қайд этиб ўтиш зарур, ҳамшираларга малака тоифаси беш йил муддатга берилади.
— Ҳамшира ихтисослигига кўра бир-биридан фарқ қилувчи иккита жойда ишласа, малака тоифасини янгилаш масаласи қандай бўлади?
— Малака тоифаси “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг мурожаатига кўра асосий ва ўриндош иш жойидаги мутахассисликлардан биттаси бўйича ёки уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида берилиши мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги