Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари учрашди
2021-08-06 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан музокара ўтказди.
Ўзбекистон Президенти Садир Жапаровни илк бор Маслаҳат учрашувида иштирок этаётгани билан чин дилдан қутлади ва бу кўп томонлама мулоқот майдони минтақамиз фаровонлиги йўлида мамлакатларимиз саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашувда, аввало, жорий йил 11-12 март кунлари Қирғиз Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижросининг бориши батафсил муҳокама қилинди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 фоизга ортиб, 425 миллион доллардан ошгани мамнуният билан қайд этилди. Иқтисодиётнинг устувор йўналишларида, хусусан саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик ва бошқа тармоқларда кўшма лойиҳаларни амалга ошириш бошлаб юборилган. Фаол маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алмашинув олиб борилмоқда.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини биргаликда қуриш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли стратегик аҳамиятга эга экани, уни қуриш бўйича музокараларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Қирғизистон Президенти Ўзбекистоннинг минтақада самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қуватлашини билдирди. Давлатимиз раҳбарининг Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари минтақамизнинг қардош халқлари манфаатларига хизмат қилишини таъкидлади.
Барча соҳалардаги алоқаларни изчил ривожлантириш учун олий ва юқори даражадаги мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.
Учрашувда минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти