Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

2021-08-06 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6260-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, мамлакатимизда от спорти турларини янада ривожлантириш, янги авлод чавандозларини тайёрлаш ва тарбиялаш, ёшлар ўртасида от спортини фаол тарғиб қилиш
ва оммалаштириш мақсадида:

1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида от спорти турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари (Чавандозлар мактаблари) ва уларнинг туман (шаҳар) секциялари ташкил қилинсин.

2. Белгилансинки:

Чавандозлар мактаблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5024-сон қарорига мувофиқ от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари негизида ташкил қилинади;

Чавандозлар мактаблари Миллий гвардия тизимига киради ҳамда ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширадиган мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади;

Чавандозлар мактабларининг фаолияти от спорти (учкураш, тўсиқлардан сакраш ва от йўрттириш), замонавий бешкураш, поло ҳамда улоқ-кўпкарига ихтисослаштирилади;

Чавандозлар мактабларига илмий-методик ва ташкилий кўмаклашиш (ўқув қўлланмалар, дарсликлар, китоблар ва бошқа илмий-методик адабиётлар билан таъминлаш, ўқув дарслари ва ҳажмларини белгилаш, мактаблар учун зотли отларни танлаш) Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда тегишинча Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ва Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси томонидан амалга оширилади;

Чавандозлар мактаблари ўз фаолиятини 2022 йил 1 мартдан бошлайди, шунингдек, давлат буюртмасига асосан улар томонидан разрядли ва унвонли спортчилар тайёрлаш тизими жорий этилади;

Чавандозлар мактабларининг туман (шаҳар) секциялари мазкур қарорнинг 8-бандида кўрсатилган тартибда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилинади. Бунда, битта туман (шаҳар)да бир нечта секцияларни ташкил қилишга рухсат берилади;

Чавандозлар мактаблари фаолиятини (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал хизматлар, спорт отларига озуқа
ва дори-дармонлар сотиб олиш ҳамда бошқа харажатлар) молиялаштириш манбалари этиб республика ва маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек, ўз фаолияти ихтисослиги бўйича пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Миллий гвардия (Р.Джураев) икки ҳафта муддатда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда янгидан ташкил қилинаётган Чавандозлар мактабларининг аниқ жойлашган жойини белгиласин;

Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ҳамда Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси билан биргаликда Чавандозлар мактаблари ва уларнинг туман (шаҳар) секциялари фаолиятига оид минимал талаблар ва жиҳозлаш меъёрларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига етказсин.

3. Қуйидагилар Чавандозлар мактабларининг асосий вазифалари
ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ўсмирлар ва ёшларни от спорти, замонавий бешкураш, поло ва улоқ-кўпкари билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция), спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчилар тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш, шунингдек, ушбу спорт турлари бўйича спорт тайёргарлиги мутахассислари ўртасида касбий тажрибани алмашиш;

халқаро спорт майдонида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон терма жамоалари учун ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчилар тайёрлаш;

тажриба алмашиш, спорт мусобақаларини ташкил этиш, илмий-методик таъминлаш масалалари бўйича Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси
ва Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси билан ҳамкорликни ривожлантириш;

йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан қорабайир ва бошқа наслдор зотли отлар бош сонини кўпайтириш.

4. Чавандозлар мактабларининг намунавий тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

Чавандозлар мактабларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда Миллий гвардия қўмондони томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади;

олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар жисмоний тарбия маълумотига эга бўлмаган, жисмоний тарбия ва спорт мутахассисликлари бўйича коллежларда ёки олий таълим муассасаларида ўқиётган шахсларга тренер-йўриқчи сифатида тренерлик фаолияти билан шуғулланишга берилган рухсатнома асосида Чавандозлар мактаблари ва уларнинг туман (шаҳар) секцияларида тренер ёки тренер-ўқитувчи лавозимларида ишлашга рухсат берилади;

2022 йил 1 январдан бошлаб Чавандозлар мактабларининг уста-чавандози, от парваришловчиси, тақачиси, отхона бошлиғи (бригадир), зоотехниги, ветеринар-шифокори, фельдшер-ветеринарлари меҳнатини рағбатлантиришга Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сон қарорида белгиланган шароитлар татбиқ этилади. Бунда, уста-чавандоз, от парваришловчи, тақачи, отхона бошлиғи (бригадир) – тренерга, ветеринар-шифокор – шифокорга, фельдшер-ветеринар, зоотехник – ҳамширага тенглаштирилади;

2022 йил 1 мартдан бошлаб Чавандозлар мактаблари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб раҳбарият, йўриқчи-услубчилар, тренерлар ва бошқа ходимлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Бунда, рейтинг кўрсаткичларини шакллантиришда Чавандозлар мактаблари фаолиятига давлат буюртмасига асосан тайёрланган разрядли ва унвонли спортчилар, республика ва халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларолимпия захиралари коллежлари ҳамда от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига қабул қилинган ўқувчилар сони ҳам инобатга олинади.

6. Чавандозлар мактаблари тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Иппотерапия марказлари ташкил қилинсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов):

Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда неврологик, руҳий ва бошқа касалликларни даволаш, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни (шу жумладан, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган болаларни) иппотерапия услуби ёрдамида тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни қабул қилсин;

Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси билан биргаликда бир ой муддатда Иппотерапия марказлари томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш тартибини тасдиқласин. Бунда, Иппотерапия марказларида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига бепул хизмат кўрсатиш назарда тутилсин.

7. Андижон, Бухоро, Наманган, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида Чавандозлар мактабларини реконструкция қилиш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Чавандозлар мактабларини барпо этиш ва жиҳозлаш бўйича:

буюртмачи этиб – Миллий гвардия;

бош лойиҳачи этиб – “ТошуйжойЛИТИ” АЖ белгилансин;

бош пудратчи ташкилот белгиланган тартибда танлов (тендер) савдолари орқали аниқлансин.

Белгилансинки, Чавандозлар мактаблари, шу жумладан, қуйидагилардан иборат бўлади:

ўқув машғулотлари ва мусобақаларни ўтказиш учун очиқ ва ёпиқ турдаги манеж (шу жумладан, жанговар манеж), отхона, озуқа базасини шакллантириш учун ер майдони, сув сақланадиган бочка, омборхона, беда сақланадиган жой, отларни қадамлаш учун жой (шагалка);

томошабинлар учун трибуна, тренерлар, тиббиёт ходимлари, кийим алмаштириш хоналари, тренажёр зали, спорт анжомлари, жиҳозлари, кийимлари ва экипировкасини сақлаш учун хона.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда уч ҳафта муддатда мазкур банд талабларидан келиб чиқиб Чавандозлар мактабларини ташкил қилиш учун белгиланган тартибда ер майдонларини ажратсин;

ҳудудлардаги ипподромларни Чавандозлар мактабларига мусобақа ва турнирларни ташкил қилиш, шунингдек, уларда ўқув машғулотларини ўтказиш учун бириктириш ва зарур шароитлар яратиш чораларини кўрсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Ж.Кучкаров) Миллий гвардия (Р.Джураев), Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов) билан биргаликда 2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантиришда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Чавандозлар мактабларини реконструкция қилиш, қайта таъмирлаш ва барпо этиш учун марказлашган капитал қўйилмалар лимитлари ажратилишини таъминласин. Бунда, Чавандозлар мактаблари 2022 йил 1 мартга қадар тўлиқ фойдаланишга топширилиши инобатга олинсин.

Қурилиш вазирлиги (Б.Закиров) Чавандозлар мактабларини инновацион технологияларга асосланган, қиммат бўлмаган, энергия тежовчи ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан доимий давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

8. Белгилаб қўйилсинки, Чавандозлар мактабларининг туман (шаҳар) секцияларини ташкил қилиш қуйидаги шартлар ва механизмларни ўз ичига олган ҳолда амалга оширилади:

хусусий шерикка (инвесторга) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган тартибда бепул фойдаланиш учун тегишли бино ва иншоотлар тақдим этилади;

хусусий шерикка (инвесторга) қонунчиликда белгиланган тартибда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари мулк ҳуқуқи
ёки узоқ муддатли ижара асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади. Бунда, секцияларни муҳандислик коммуникацияларига, жумладан, электр, газ ва сув таъминоти тармоқларига олиб бориш ва улаш туман (шаҳар)лар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан таъминланади;

хусусий шерик (инвестор), Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида тузилган битимга асосан қамров ва отлар сонидан келиб чиққан ҳолда хусусий шерик (инвестор)нинг маблағлари ҳисобидан секция ташкил қилинади;

секция камида 10 йил соҳа бўйича фаолиятини юритади. Бунда, ушбу муддат якуни бўйича секциянинг амалдаги фаолият йўналишини бошқа соҳага ихтисослаштиришга рухсат берилади.

Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5024-сон қарорига мувофиқ ташкил қилинаётган от спортини ривожлантириш, наслли ва зотдор отларни кўпайтириш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий туристларнинг дам олишини ташкил қилиш учун зарур инфратузилма объектларидан иборат кўп тармоқли спорт мажмуаларининг мазкур бандда кўрсатилган давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 2022 йил 1 мартга қадар барпо этилиши ва фойдаланишга топширилишини таъминласин.

9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан хусусий шерикка (инвесторга) Чавандозлар мактабларининг туман (шаҳар) секцияларини ташкил этиш учун:

миллий валютада ажратилган кредитларнинг 10 миллиард сўмдан ошмаган қисми бўйича кредит фоизи ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми;

хорижий валютадаги кредитларнинг 10 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган қисми бўйича фоиз харажатларининг тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоизлик пунктдан кўп бўлмаган қисми уч йил мобайнида компенсация қилинади.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда бир ой муддатда Чавандозлар мактаблари ва уларнинг туман (шаҳар) секциялари фаолиятини ташкил қилиш бўйича режани тасдиқласин;

2022 йил 1 февралга қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Чавандозлар мактабларини қорабайир ва бошқа наслдор зотли отлар билан таъминласин;

бир ой муддатда Чавандозлар мактабларининг туман (шаҳар) секцияларини ташкил этиш мақсадида хусусий шериклар (инвесторлар)нинг рўйхатини шакллантирсин ва уларга бепул фойдаланиш учун тегишли бино ва иншоотларни тақдим этсин;

Чавандозлар мактаблари фаолиятига тажрибали тренер ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўрсин;

маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ва Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерациясининг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларни мутахассислар (услубчилар, менежерлар ва бошқалар) билан тўлдиришни таъминласин;

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ва Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерациясининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари билан ҳар чоракда учрашиб, жойларда от спортини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни белгиласин.

Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ва Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси билан биргаликда Чавандозлар мактабларида хорижий мутахассис фаолият кўрсатишини таъминласин.

11. Белгилаб қўйилсинки:

2022 йилдан бошлаб ҳар йили Чавандозлар мактаблари ва уларнинг туман (шаҳар) секцияларининг ўқувчи-спортчиларини ва тренерларини рағбатлантириш мақсадида от спорти, замонавий бешкураш, поло ва улоқ-кўпкари бўйича “Энг яхши чавандоз”, “Энг яхши тренер” танловлари ташкил этилади;

“Энг яхши чавандоз”, “Энг яхши тренер” танловлари ғолиблари ва совриндорлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ҳамда Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси билан биргаликда “Энг яхши чавандоз”, “Энг яхши тренер” танловларини ҳар йили юқори савияда ташкил этсин, туристларни жалб қилсин ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритсин.

12. 2021 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида Қашқадарё вилоятида йилқичилик йўналишидаги наслчилик хўжаликларидаги селекция ишлари натижаларини баҳолаш, шунингдек, Чавандозлар мактабларининг моддий-техника базасини янада яхшилаш мақсадида наслдор ва спорт отларини танлаш бўйича “Ўзбекистон отлари” номли кўргазма ташкил қилинсин.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (З.Мирзаев) Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ҳамда Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси билан биргаликда “Ўзбекистон отлари” номли кўргазмани юқори савияда ташкил қилиш, маҳаллий ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чораларини кўрсин.

13. Чавандозлар мактаблари ва уларнинг туман (шаҳар) секциялари эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган инвентарлар, спорт отлари, наслли маҳсулотлар (материаллар), озуқалар, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар, витаминлар, ускуналар ва материаллар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ божхона божидан озод этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5024-сон қарори 14-банди “е” кичик бандининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган қоида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ва Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерациясига татбиқ этилсин.

14. Миллий гвардия (Р.Джураев) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) ва Тошкент вилояти ҳокимлиги (Д.Хидоятов) билан биргаликда икки ой муддатда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳудудида жойлашган Миллий гвардия 65921 ҳарбий қисмининг ёрдамчи хўжалигига тегишли ер майдони ҳудудидан миллий от спорти мусобақалари ва ўйинларини ўтказиш, ёшларни миллий от спортига ўргатиш мақсадида халқаро стандартларга мос келадиган (220х80 м) ер майдони белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин, зарур ҳолларда, мазкур вазифани амалга ошириш учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида
ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул ҳисобланади.

16. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Чавандозлар мактаблари фаолиятини молиялаштириш, улар учун ноёб зотли спорт отларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5024-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Миллий гвардия қўмондони Р.М.Джураев, туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Қ.Каримов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар йили 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 5 август

Манба: ЎзА

Поделиться