Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Россия етакчилари икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар
2021-07-24 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Россия Президенти давлатимиз раҳбарини таваллуд айёми билан дилдан муборакбод этиб, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.
Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланаётгани, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш барқарор ортиб бораётгани, иқтисодиёт тармоқларида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурлари муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватларни тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди.
Етакчилар минтақа кун тартиби, шу жумладан Афғонистон бўйича юзага келаётган вазият хусусида фикр алмашдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти