2021 йильнинг 17 июль куни Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича вакили Матиас Люттенберг билан учрашди.
Германия вакили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий боғлиқлик бўйича халқаро конференция натижаларини юқори баҳолади ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бундай юқори даражадаги халқаро форумни ташкил этиш бўйича ташаббуси ўз вақтида ўтказилгани ва унинг кун тартиби жуда долзарб аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади.
Афғонистон Ислом Республикасидаги вазият юзасидан фикр алмашилди, ушбу мамлакатда тинчлик жараёнига ўзаро ёрдам бериш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар Афғонистондаги қуролли можаронинг авж олишидан хавотирларини билдирди ва дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинчлик ҳамда барқарорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттириш юзасидан гаплашилди.
Мулоқот давомида томонлар Афғонистон борасида келгусида юзага келиши мумкин бўлган, хусусан, афғон қочқинларининг эҳтимолий оқими ва чегарадаги воқеалар билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Афғонистон халқига ҳар томонлама иқтисодий ва гуманитар ёрдамни давом эттиришда минтақадаги мамлакатларнинг муҳим роли, шунингдек, Афғонистонда доимий ҳамда ҳар томонлама тинчликни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлар хусусида таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги