Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Австриянинг фахрий консулхонаси очилди
2021-07-16 | Сиёсат
Пойтахтимиздаги “Wyndham” меҳмонхонасида Австриянинг Ўзбекистондаги Фахрий консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
Тадбирда Австриянинг Ўзбекистондаги элчиси (қароргоҳи Венада) Алоис Краут, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, Австрия компаниялари ходимлари иштирок этди.
"Муҳамаджонов ва ҳамкорлар" адвокатлик фирмасининг бошқарувчи шериги Иброҳим Муҳамаджонов Австриянинг Ўзбекистондаги фахрий консули этиб эълон қилинди.
Австриянинг Ўзбекистондаги Фахрий консулхонасининг очилиши томонларнинг икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ва сайёҳларга консуллик ёрдами кўрсатиш, улар учун виза олиш жараёнини енгиллаштиришга бўлган интилишидан далолат бериши таъкидланди. Бундан ташқари, Фахрий консулхона институти икки томонлама савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшади.
Икки мамлакат ўзаро муносабатлари бугунги кунда жадал ривожланиб бораётгани ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон Австриянинг Марказий Осиёдаги муҳим савдо шеригидир. Ҳозирги кунда республикада Австриянинг 9 та компанияси ва 36 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Австрия ишбилармон доираларининг мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда.
Австриянинг Ўзбекистондаги фахрий консули И.Муҳамаджонов консулхонанинг очилиши икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ва тарихий қадам бўлганини таъкидлади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги