Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: Ислоҳотларимизнинг мазмуни ва руҳи бир-бирига ўхшаш ва уйғундир
2021-07-16 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани, ҳар иккала мамлакатнинг тараққиёт эришиш йўлидаги ислоҳотлари ҳам бир-бирига ҳамоҳанг ва ўхшаш эканини таъкидлади.
– Дунёда юксак нуфузга эга Покистон Ўзбекистон учун салоҳиятли ва истиқболли ҳамкордир. Сиз билан биз “Ная Пакистон” ва Янги Ўзбекистонни қураяпмиз. Ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларимизнинг мазмуни ва руҳи бир-бирига ўхшаш ва уйғундир. Сизнинг ушбу ташрифингиз кўпқиррали муносабатларимиз тарихида янги даврни бошлаб беради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни кенгайтириш ва ривожлантиришда интилишлари қатъий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини қайд этдилар.
Кейинги даврда ўтган учрашувлар ҳамда онлайн-саммитдан сўнг ўзаро муносабатларда катта силжишга эришилди. Кўп қиррали мулоқотлар ва маданий алмашинувлар фаоллашди.
Кеча Ҳукуматлараро кўшма комиссия йиғилиши ўтказилди. Бугун эса пойтахтимизда биринчи марта Ўзбекистон ва Покистон ишбилармонлари бизнес-форуми ўтказиляпти.
Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида савдо ҳажми тўрт баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони деярли юздан ортиққа кўпайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган 163 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Покистон Жанубий Осиё ва жаҳоннинг йирик бозорларига чиқишда Ўзбекистон учун муҳим кўприк вазифасини ўтайди. «Термиз - Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши нафақат савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, балки минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилади.
Жорий йил февраль ойида Тошкентда Aфғонистон, Покистон ва Ўзбекистон делегациялари халқаро молия институтлари вакиллари иштирокида ушбу улкан лойиҳани амалга ошириш истиқболларини муҳокама этиб, темир йўлни қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси – «Йўл харитаси»ни имзолаган эдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз савдо-иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган катта салоҳиятга эга экани, ўзаро савдо ҳажмини 4-5 баробар кўпайтириш учун шароит борлигини таъкидлади.
Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва қурилиш, фармацевтика ва кимё, енгил саноат ва бошқа устувор соҳаларда кооперацияларни ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди. Ушбу соҳалардаги лойиҳалар яқин ҳамкорликда амалга оширилса, Ўзбекистон ва Покистон иқтисодиёти учун янги имкониятлар очилади.
Музокарада бундай лойиҳаларни ҳар томонлама рағбатлантириш ва тез фурсатларда амалга ошириш учун барча зарур ёрдам ва имтиёзларни беришга келишиб олинди.
Ҳудудлараро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим. Жорий йил февраль ойида Панжоб губернатори юртимизга ташриф билан келди. Наманган вилояти делегацияси Панжоб ва Синд провинцияларида бўлди.
Учрашувда икки мамлакат бошқа вилоятларини ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқалари билан боғлаш зарурлигига эътибор қаратилди. 16 июндан Тошкент ва Лаҳор ўртасида авиақатнов тикланди. Янги ҳаво йўналишларини йўлга қўйиш юк ташишларнинг кенгайиши ва ўзаро туризмнинг ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Покистон Афғонистондаги салбий вазиятнинг авж олишига йўл қўймаслик учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни ишга солишга, афғонлараро тинчлик музокараларини қайта тиклашда кўмаклашишга тайёрлиги қайд этилди.
Хавфсизлик соҳасида қўшма гуруҳ тузиш, унинг илк мажлисини Тошкентда ўтказиш таклифи билдирилди.
Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, муштарак маънавий меросимизни биргаликда ўрганиш, илм-фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бу ришталар бугунги кунда тарихий илдизлардан куч олиб, янада ривожланмоқда. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар, Муҳаммад Иқбол, Мирзо Ғолиб сингари улуғ мутафаккир ва шоирларнинг ўлмас мероси, маърифий қарашлари халқларимизни боғлаб турадиган мустаҳкам маънавий кўприкдир.
Шу сабабли Ўзбекистонда Покистон тарихи, маданияти ва санъатига, хусусан, урду тилини ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ўз навбатида, Покистонда ҳам ўзбек тили ва адабиёти, мамлакатимиз тарихини ўрганиш ва тадқиқ этишга қаратилган лойиҳаларга катта эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Панжоб университети қошида “Бобур мероси маркази”, Пешовар университетида ўзбек тили ва маданиятини ўрганиш бўйича “Алишер Навоий маркази” очилган.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам Покистоннинг бой тарихи ва маданиятига қизиқиш тобора ўсиб бормоқда. Жумладан, Шарқнинг буюк шоири, урду адабий тилига асос солган улуғ мутафаккир Мирзо Ғолибнинг ҳаёти ва ижоди чуқур ўрганилмоқда.
Юртимизда Лаҳордаги бетакрор Шоҳ қалъа меъморий мажмуасини, гўзал Шалимар боғларини зиёрат қилишни истайдиган одамлар кўплаб топилади.
Бугунги кунда Покистонда 10 миллионга яқин нақшбандия тариқати вакиллари, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кўплаб мухлислари бор. Уларнинг Бухорои шариф, Самарқанд ва Андижондаги табаррук қадамжоларга зиёрат сафарини амалга оширишлари учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрлик билдирилди.
Икки мамлакат киноижодкорлари ҳамкорлигида Бобур бобомиз ҳақида фильм суратга олишга келишилди. Сўнгги уч йилда покистонлик ёшларнинг Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олишга бўлган қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Айни пайтда мамлакатимизда 750 дан ортиқ покистонлик ёшлар мазкур йўналишда таълим олмоқда.
Инсон саломатлигини асраш йўлида тиббий таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтириш халқларимиз манфаатларига хизмат килиши табиийдир.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги бундай муносабатлар халқларимизнинг бир-бирига бўлган самимий интилиши, ўзаро ҳурмат ва эътибори ифодаси экани алоҳида қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти