Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда 20 дан ортиқ давлатнинг ташқи ишлар вазирлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари қатнашади
2021-07-12 | Сиёсат
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар учун анъанавий брифингда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция ҳақида батафсил маълумот берди.
«15-16 июль кунлари Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ва Покистон Ислом Республикаси Президенти Имрон Хон ташриф билан Ўзбекистонда бўлади, дея қайд этди давлат раҳбарининг матбуот котиби. - Покистон етакчиси расмий ташриф билан, Афғонистон раҳбари эса Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция доирасида амалий ташриф билан келмоқда.
Шерзод Асадовнинг хабар беришича, ушбу конференция, шубҳасиз, жорий ҳафтанинг энг муҳим тадбири бўлади. Унинг ишида, аввал қайд этилганидек, Афғонистон ва Покистон Президентлари, шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррель, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортиқ. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокчиларга видеомурожаат йўллайди.
«Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган, - деди Шерзод Асадов. - Ялпи ва шўъба мажлисларида минтақавий боғлиқликни янада чуқурлаштириш имкониятлари, шу жумладан, савдо ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг барқарор ўсишни таъминлашдаги ўрни, маданий-гуманитар алоқаларни қайта тиклаш орқали дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва хатарлар муҳокама қилинади».
Матбуот котибининг сўзларига кўра, давлатимиз раҳбари жорий ҳафтада Афғонистон ва Покистон Президентлари, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Туркия, Бангладеш, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, АҚШ Президентининг Ички хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идораси раҳбари Жозеп Боррель билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги