Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мақсад ва режалар аниқ
2021-07-05 | Жамият
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг медиа-холлида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ассоциацияга аъзо телерадиоканаллар ходимлари иштирокида «Ўзбекистон мустақиллиги 30 йиллиги – нодавлат электрон медиа нигоҳида» мавзусида конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан миллий журналистикамиз ривожига қаратилаётган эътибор, хусусан Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табригидан келиб чиқадиган вазифалар, ижодий ишлар хусусида сўз юритишди.
– Ҳукуматимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига, уларнинг ходимларига, журналист ва блогерларга ҳеч қачон бугунгидек эътибор, ғамхўрлик бўлмаган, десам, муболаға бўлмайди, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, – Соҳа вакиллари эмин-эркин ишлаши, очиқ-ошкора ижод қилиши учун барча шароитлар, қонуний асослар яратиб берилмоқда ва бундан кейин ҳам соҳага эътибор ортиб бораверади. Бу албатта, журналистлар, блогерлар зиммасига ўзига яраша катта масъулият юклайди. Ўз ишига янгича ёндашишни, янгича фикрлашни талаб этади.
Конференцияда таъкидланганидек, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари қаторида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси вакиллари, нодавлат телерадиоканалларидан саккиз нафар ходимлар ҳам давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирландилар.
Ассоциация аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинган «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа дастурида ҳам нодавлат телеканаллар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, журналистларимизнинг билими ва малакасини ошириш, айниқса, ёш медиа мутахассисларни тайёрлаш, рағбатлантириш сингари масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, мазкур ҳужжатда журналистика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари негизида жойларда нодавлат телеканаллар билан ҳамкорликда медиа-студиялар ҳамда конвергент таҳририятлар ташкил этиш ҳам ўз аксини топган.
– Жуда тезкор замонда, ахборот замонида яшаяпмиз, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Матбуот котиби Шерзод Асадов, – Давлатимиз раҳбари куни кеча бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувида ёш авлод ҳаёти билан боғлиқ кўплаб масалалар қаторида ёш тадбиркорлар фаолиятига тўхталиб, «Бундай ўғил қизларимиз замонамизнинг ёш қаҳрамонларидир. Уларнинг дастлабки, аммо умидбахш ютуқлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўрсатувлар, мақола ва суҳбатлар ташкил этиб амалга ошираётган ибратли ишларини кенг жамоатчилик, аввало тенгдошлари ўртасида тарғиб қилиш айни муддао бўлади», деб алоҳида таъкидладилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси медиа-майдони – «Медиа-холл ЎзEОАВМА» ҳам фойдаланишга топширилди. Келгусида ушбу медиа-холлда турли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқотлар, ток-шоулар, дебатлар, учрашувлар ўтказилади, янги-янги лойиҳалар амалга оширилади.
– Барчамизга яхши маълум, бугун халқимиз Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига қизғин тайёргарлик кўрмоқда, – деди Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Хусусан, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳам шу улуғ сана муносабати билан «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» миллий медиа дастурини тайёрлаб қабул қилди.
Медиа дастурдаги ҳар бир лойиҳа мамлакатимиз, меҳнаткаш халқимиз ҳаётининг муҳим қирраларини чуқур ёритишга хизмат қилади. Ҳозирда мазкур Медиа дастурда кўзда тутилган лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ишончим комил, ЎзEОАВМАга аъзо телеканаллар жамоаси уни амалга оширишда фаол қатнашади.
Конференцияда «Янги Ўзбекистон. Янги Нигоҳ» медиа дастурини амалга ошириш учун вазирлик ва идоралар билан уларнинг фаолиятини кенг ёритиши, замонавий медиа маҳсулотлар тайёрлаш юзасидан шартномалар тузилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Конференцияда сўзга чиққан «ЖАСЛАР ТВ» телеканали ва «НУКУС FМ»радиоси директори Мнайим Палуанова, “GOLD UZ” телеканали бош муҳаррири Аҳрор Зиёдов, “JIZZAX TВ» телеканали таъсисчиси Бахтиёр Эшонқулов, «Собир Медиа» МЧЖ 8-ТВ телеканали таъсисчиси Собир Аҳмедов, «ТТВ Тўрткўл» телеканали директори Ғуломжон Эшниёзов ва бошқалар бугунги кунда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси марказий ва ҳудудий нодавлат телерадиоканалларни ўз атрофида бирлаштирган таъсирчан ва кенг қамровли ташкилот сифатида мамлакатимиз медиа майдонида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлганлиги, юртимизда кечаётган янгиланишлар ва ўзгаришларни марказида бўлиб, Янги Ўзбекистон ғоясини ўзида мужассам этган сифатли медиа маҳсулотлар тайёрлаб, эфирга узатаётганлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Тадбир сўнгида ЎзEОАВМАга аъзо телерадиоканалларга умумий қиймати 1 миллиард сўмдан зиёд бўлган зарур техникалар, асбоб-ускуналар, компьютер жамланмалари тантанали равишда топширилди, дея хабар беради ЎзEОАВМА ахборот хизмати.
Манба: ЎзА