Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афсонавий Оксана Чусовитинадан яна бир ғалаба
2021-06-26 | Спорт
Айни кунларда Қатар пойтахти Доха шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтмоқда. Қувонарлиси, унда иштирок этган ҳамюртимиз Оксана Чусовитина навбатдаги ғалабани қўлга киритди.
Токио-2020 лицензиати кутилганидек, таяниб сакраш йўналишида иштирок этди. Унинг ижросида амалга оширилган машқлар ҳакамлар ҳайъати томонидан энг юқори баҳога лойиқ кўрилди ва афсонавий спортчимиз олтин медалга сазовор бўлди. Таъкидлаш жоиз, бу мусобақа спортчимиз учун бўлажак Олимпиада олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини бажариб берди. Унда қўлга киритилган олтин медаль эса Чусовитинанинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиши, шубҳасиз.
Жаҳон кубоги, Доха.
Таяниб сакраш, аёллар:
1. Оксана Чусовитина (Ўзбекистон) – 14.066
2. Девилар Колин (Франция) – 13.966
3. Таман Ненси (Миср) – 13.366
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси