Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи 25 июнь куни чақирилади
2021-06-22 | Сиёсат
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди
Парламент юқори палатасининг маълум қилишича, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисини жорий йил 25 июнь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, «Расмий статистика тўғрисида»ги, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги, «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлари муҳокама қилиниши назарда тутилган.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Қолаверса, қон донорлиги соҳасини ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чоралар тўғрисида, оқава сув тозалаш иншоотларида вужудга келаётган муаммо ва камчиликларнинг атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ва бошқа масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати ҳамда Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш бўйича Республика комиссияси томонидан маҳаллардаги ҳолат, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва соҳага оид белгиланган чора-тадбирларнинг ижро этилиши бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги