Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экспорт географияси кенгаймоқда: Ўзбекистон ўз маҳсулотларини яна 4 мамлакатга етказилишини йўлга қўйди
2021-06-18 | Иқтисодиёт
Иқтисодий ўсиш шароитида маҳаллий катта ва кичик бизнес субъектлари жаҳон бозорига янада кўпроқ кириб бормоқда.
Экспорт таркибида юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотларининг улуши сезиларли даражада ўсмоқда. Ҳар йили кўплаб халқаро шартномалар тузилиб, нафақат товарлар, балки ускуналар ҳам сотиб олинмоқда, экспортга эса нафақат хом ашё, балки ўзимизда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар чиқарилмоқда.
Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь – апрель ойларида мамлакат ташқи савдо айланмаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 378,8 млн АҚШ долларига (3,5%) камайиб, 10 322,4 млн АҚШ долларини ташкил этди.
Ўзбекистон савдо алоқаларини қайси давлатлар билан ўрнатган?
Ташқи иқтисодий фаолиятидаги 20 та йирик ҳамкор давлатлар орасида олти мамлакат, хусусан, Афғонистон (ижобий сальдо — $ 233,4 млн), Қирғизистон ($141,4 млн), Тожикистон ($104,4 млн), Туркия ($100,6 млн), Канада ($58,9 млн) ва Эрон ($16,6 млн) билан фаол ташқи савдо баланси кузатилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 156 мамлакати билан савдо алоқаларига эга. Ташқи савдо айланмасининг энг катта ҳажми Хитой (20,5 %), Россия Федерацияси (17,8%), Қозоғистон (11,8%), Туркия (9,3%), Корея Республикаси (4,8%), Қирғизистон (2,4%) ва Афғонистон (2,3%) билан қайд этилди.
Экспорт ўсиши кузатилмоқда
Жорий йилнинг январь-апрель ойларида товар ва хизматлар экспорти (олтин экспортидан ташқари) 3,4 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 715,7 млн долларга кўпдир. Шундай қилиб, 26,7% ўсишни кўришимиз мумкин.
Тикув-трикотаж саноати маҳсулотлари (+217 млн доллар), мис ва мис маҳсулотлари (+122 млн доллар), енгил автомобиллар (+59 млн долл.), ун (+ 29 миллион доллар), маиший техника (+22 миллион доллар) ва бошқа товарлар экспортининг ўсиши ҳисобига жорий йилнинг январь-апрель ойларида 660 млн долларлик қўшимча экспорт таъминланди.
Газнинг асосий ҳажмлари ички бозорга йўналтирилганлиги сабабли табиий газ экспорти 82 млн долларга камайди.
Жаҳонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашаётган бир пайтда хорижий мамлакатларда чеклов чораларни мустаҳкамлаш ёки қайта жорий этиш ҳолатлари кузатилаётганлиги сабабли авиация ва туризм хизматлари соҳасида экспортнинг пасайиши кузатилмоқда (тегишлилик бўйича -3 млн доллар ва -122 млн доллар).
2021 йилнинг январь-апрель ойларида экспорт фаолиятига 346 та янги корхона жалб этилиб, 60 та янги турдаги товарлар экспорт қилинди. Улар орасида — рух қотишмаси, ветеринария вакциналари, полипропилен ипи, тиббий асбобларнинг янги турлари.
Маҳаллий товарлар экспорт географияси 4 та мамлакатга кенгайтирилди. Ўзбек маҳсулотлари энди Австралия, Аргентина, Доминикан Республикаси ва Суринам мамлакатларига етказиб берилмоқда.
Экспорт қилувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш учун Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2021 йилнинг январь-апрель ойларида 96,8 млрд сўм миқдорида молиявий ресурслар ажратилган бўлиб, улар:
- 231 та корхонанинг 56,2 млрд сўм миқдоридаги транспорт харажатларини қоплаш;
- 60 та корхонанинг халқаро кўргазма ва ярмаркаларида иштирок этиш харажатларини 3,8 млрд сўм миқдорида қоплаш;
- 69 корхонанинг жами 4,2 млрд сўм миқдоридаги халқаро сертификатларни олиш, халқаро стандартларни амалга ошириш, хорижда реклама кампанияларини ўтказиш ва суғурта полисларини харажатларини қоплаш;
- 65,8 млн доллар – экспорт қилувчи корхоналарнинг айланма маблағларни тўлдириш ҳамда уларни экспортолди молиялаштириш;
Натижада юқорида кўрсатилган давр мобайнида 62 млн доллар миқдорида қўшимча экспорт амалга оширилиб, 43 млн долларлик экспорт шартномалари имзоланди ҳамда йил охирига қадар товарлар экспортини 189 млн долларгача етказиш режалаштирилди.
Ўзбекистон қандай товарларни экспорт қилади?
Саноат товарлари экспортнинг 35,9 фоизини, озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар - 9,0%, кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар - 8,8% ташкил этади.
Саккиз ойдан буён Ўзбекистон олтин экспортини амалга оширмаяпти.
Рангли металлар (464,2 млн доллар), тўқимачилик ипи, мато ва тайёр маҳсулотлар (658,4 млн доллар), кийим-кечак (204,7 млн доллар), автомобиллар (125,4 млн доллар) савдоси кескин ошди.
Мева-сабзавот маҳсулотлар экспорти 329,5 минг тоннани ташкил этиб, қиймати бўйича 188 млн доллардан ошди.
2021 йилнинг январь – апрель ойларида хизматлар экспорти ҳажми 13,2%га қисқариб, 650,7 млн долларга етди. Шуни таъкидлаш муҳимки, экспорт таркибининг катта қисмини транспорт хизматлари (72,8%), саёҳат/туризм (12,3%), телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари (6,9%) эгаллайди.
Ўзбекистон қаерга экспорт қилади?
Эътиборлиси, кўрилаётган даврда Туркия (528,2 млн доллар) Россия Федерациясини (494,8 млн доллар) ортда қолдириб, Ўзбекистоннинг экспорт бўйича ҳамкорлари орасида иккинчи ўринни эгаллади. Хитой, Қозоғистон, Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан биргаликда ушбу мамлакатлар умумий экспорт ҳажмининг 73,4% ташкил этади.
Қуйида Ўзбекистон ўз товарларини экспорт қилаётган топ-20 мамлакатнинг жадвалини илова қиламиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги