Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жисмоний тарбия фанини такомиллаштириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди
2021-06-04 | Сиёсат
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида жисмоний тарбия фани бўйича узлуксиз таълим дастурларининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Муҳокамалар давомида ҳар бир таълим босқичида жисмоний тарбия фани ўқитилишининг бугунги кундаги ҳолати, жараёндаги муаммолар ва шакллантириладиган янги ўқув дастурида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Қайд этилишича, жисмоний тарбия фани бўйича ишчи гуруҳ амалиётчи олимлар ва педагоглар билан ҳамкорликда ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда мазкур фан бўйича такрорланган мавзулар 19 та, узвийлиги таъминланмаган мавзулар 29 та, назарийдан амалийга 9 та, янгиланиши зарур мавзулар 16 та, олиб ташланадиган мавзулар 1 та, халқаро тадқиқотлар бўйича киритиладиган мавзулар 56 та, бошқа таълим турига ўтказиладигани 15 та эканлиги аниқланди ва дастурларга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, профессионал таълим тизимида касб-ҳунар мактаблари, академик лицейлар ва умумтаълим мактабларининг юқори синфлари учун мўлжалланган ўқув дастурлари мазмунан бирлаштириш, умумий ўрта таълим берилган дастурдаги мавзулар кетма -кетлигидан фойдаланган ҳолда академик лицей учун тузилган ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур.
Олий таълим босқичида жисмоний тарбия фани учун ажратилган дарс соатларининг камлиги сабабли баъзи ОТМларда ушбу фан ўқитилмаётгани қайд этилди. Шу билан биргаликда, таълим самарадорлигини таъминлашга хизмат қилувчи ўқув-моддий базалар ва ўқув-услубий таъминотни барпо этиш, педагог-кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш жараёнини тубдан қайта кўриб чиқиш ва замон талабига мос кадрларни тайёрлаш, ДТС, ўқув ва ишчи ўқув фан дастурларининг давр талабига кўра такомиллашувидан келиб чиқиб ўқув адабиётларини яратиш ва яратилган адабиётларни чоп этиш,жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун тизимли равишда хорижий экспертлар билан ҳамкорликда малака ошириш ва стажировка жараёнларини йўлга қўйиш лозим
Манба: ЎзА