Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон элчиси Қирғизистон адабий жамоатчилиги вакиллари билан учрашди

2021-06-02 | Сиёсат

Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчиси Хуршид Мирзоҳидов Қирғиз Республикаси Миллий ёзувчилар уюшмаси вакиллари билан учрашди.

Учрашувда уюшма раиси, таниқли шоир ва таржимон Нурланбек Калибеков, Қирғистон халқ ёзувчиси Мелис Абакиров, Қирғизистон халқ шоири, “Ала-Тоо” журнали бош муҳаррири Маркабай Ааматов, таниқли болалар шоираси Жилдиз Акаева, шоир Керимбек Кадиракунов, Марказий Осиё ёзувчи ва тарихчиларининг "Янги овоз" уюшмаси раиси Жолдошбек Монолдоров, таниқли тарихчи ва ёзувчи, уюшманинг ўзбек тили ва адабиёти бўлими бошлиғи, Ўзбек миллий маданий маркази раёсати аъзоси Бегижон Аҳмедов иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жорий йил юбилей саналари нишонланаётган ўзбек алломалари, ёзувчи ҳамда шоирларининг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирларни Қирғизистонда ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қирғизистон Миллий ёзувчилар уюшмаси раиси Н.Калибеков Ўзбекистон дипломатия ваколатхонаси раҳбарининг қирғиз адабиёти намояндалари билан  учрашуви икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ва халқ дипломатияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ривожига салмоқли ҳисса қўшишини қайд этди.

У 2019 йил Ўзбекистонга амалга оширган сафари ҳақида тўхталар экан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани ҳамда ўзаро ташриф алмашувлари йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади. У сўнгги йилларда қатор ўзбекистонлик ёзувчи ва шоирлар Қирғиз Республикаси Миллий ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолигига қабул қилингани, шунингдек, қирғизистонлик адабиёт намояндалари ҳам Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолари бўлгани қалбларга фахр бағишлаганини қайд этди.

Н.Калибеков ҳозирги кунда ўзбек адабиёти намуналарини қирғиз тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мамлакатда ижод қилаётган ўзбек ҳамжамияти вакилларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан диққатга сазовор ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, таниқли ўзбек ёзувчиси Бегижон Аҳмедов бошчилигидаги ижодий гуруҳ томонидан “Қирғизистондаги ўзбек ёзувчи ва шоирлари антологияси”ни тайёрлаш юзасидан тегишли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шу ўринда 2020 йил якуни бўйича ўзбек ёзувчиси Б.Аҳмедовнинг “Сайёҳ” қиссаси “Қирғизистоннинг энг яхши китоби” деб эътироф этилгани маълум қилинди.

“Ушбу фурсатдан фойдаланиб, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси таклифига биноан, жорий йил май ойининг сўнгги ҳафтасида Қирғизистонда яшаб ижод қилаётган бир гуруҳ ўзбек шоир ва ёзувчиларининг Ўзбекистонга сафари юқори даражада ташкил этилгани учун ўз миннатдорлигимизни изҳор этамиз”, - деди Н.Калибеков.

Шунингдек, уюшма раиси икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудлари адабиёт соҳаси вакилларининг учрашувлари, қўшма семинар ва конференциялар ўтказиш юзасидан ўз таклифларини баён этди.

Учрашув чоғида ўзбек халқининг атоқли шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб “Қирғиз диёри. Чингиз Айтматовга” шеърининг қирғиз тилига таржима қилинаётгани, у Қирғизистонда чоп этиладиган “Ала-Тоо” адабий журнали саҳифаларида эълон қилиниши режалаштирилгани ҳам билдирилди.

Шу билан бирга,  Марказий Осиё ёзувчи ва тарихчиларининг "Янги овоз" уюшмаси раиси, “Ўрта Осиё олтин китоби” муаллифи Жолдошбек Монолдоров ўтган ойда Ўш ўзбек академик мусиқали драма театрида Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтганини маълум қилди.

Тадбирда Ўзбекистон элчихонаси томонидан Қирғиз Республикаси Миллий ёзувчилар уюшмасига беш жилдли “Ўзбек тили изоҳли луғати”, Ч.Айтматов қаламига мансуб айрим асарларнинг радиоспектакль форматида Ўзбекистонда тайёрланган CD дисклари ва бошқа турли адабий асарлар тўплами тақдим этилди.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться