Жорий йилнинг 28 май куни Минск шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
Йиғилишни Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко олиб борди.
Делегациялар раҳбарлари Ҳамдўстлик доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашди.
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича жами 11 ҳужжат имзоланди.
- Юқумли касалликлар тарқалишига қарши чора-тадбирлар;
- МДҲ мамлакатлари ҳудудларини санитария муҳофазаси ва Ҳамдўстлик аҳолисини иш билан таъминлашга кўмаклашиш;
- Сохта савдо белгилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш, геодезия, картография, кадастр ва ерни масофадан зондлаш соҳасидаги ҳамкорликни тартибга солиш;
- МДҲга аъзо давлатларда давлат моддий резервларини бошқарадиган давлат (ижро этувчи) органларининг 2030 йилгача бўлган даврдаги ҳамкорлиги концепцияси ва уни амалга оширишнинг асосий чора-тадбирлари режаси;
- Қуролли кучлар офицерларини тезкор-стратегик тайёрлаш соҳасида асосий ташкилот тўғрисидаги қарор шулар жумласидан.
Шунингдек, Мажлисда МДҲ Ижроия қўмитаси - ижрочи котибига ўринбосарлар тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан Илҳом Неъматов ушбу лавозимга тасдиқланди.
И.Неъматов МДҲ Ижроия қўмитасида иқтисодий ҳамкорлик масалаларини мувофиқлаштиради.
МДҲ Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши жорий йилнинг ноябрь ойида Қирғиз Республикаси Бишкек шаҳрида ўтказилиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот хизмати