Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида Бош вазир ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг McKinsey компанияси Европа, яқин Шарқ, Африка минтақалари бўйича раҳбари ҳамда етакчи ҳамкори Озгур Танрикулу бошчилигидаги вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров, Молия вазири биринчи ўринбосари Омонулла Насритдинходжаев, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси Фарҳод Абдураҳмонов, McKinsey компанияси томонидан етакчи ҳамкорлар Михаил Куликов, Семён Яковлев ва бошқалар иштирок этишди.
Учрашув бошида, McKinsey компанияси вакиллари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бўйича ўтказилган диагностика натижалари бўйича корхоналар ва уларнинг таркибий бўлинмаларининг операцион самарадорлигини ошириш, шунингдек, Ўзмиллийбанк конвертация қилиш лойиҳаси мақоми бўйича "ҳаракатлар йўл харитаси"нинг салоҳиятини аниқлаш ва шакллантириш мақсадида якуний ҳисобот тақдимотини ўтказдилар.
Компания мутахассислари корхоналар фаолиятини такомиллаштириш ва шунга мос равишда 2025 йилга қадар йиллик молиявий оқимларнинг кўпайишини таъминлаш имкониятлари тўғрисида маълумот беришди.
Экспертларнинг ташаббуслар тўпламида "қисқа муддатли чора-тадбирлар" мавжудлигини таъкидлаб, уларнинг амалга оширилиши биринчи 6 ой давомида 30 фоиз ижобий таъсир олиб келиши ва ушбу ишларни амалга ошириш учун "трансформацион идоралар" ташкил этилиши кераклиги таклиф қилинди.
McKinsey мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган яна бир йўналиш - бу банк сектори, хусусан, Миллий банк бўлиб, ушбу банк учун барча асосий бизнес кўрсаткичларини яхшилаш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Учрашув якунлари бўйича лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича келишувга эришилди ва томонлар икки томонлама шерикликни янада мустаҳкамлашда давом этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги