Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон озиқ-овқат тизимлари бўйича БМТ саммити йўлида
2021-05-26 | Сиёсат
26 май, Тошкент. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) 2021 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси билан параллель равишда ўтказиладиган Озиқ-овқат тизимлари бўйича БМТ Саммитига тайёргарлик доирасидаги биринчи Миллий диалогга ташкилотчилик қилишди.
100 дан ортиқ давлатларда Озиқ-овқат тизимлари бўйича Глобал саммитга тайёргарлик кўриш бўйича миллий жараёнлар, диалоглар ва консультациялар ўз ишини аллақачон бошлаган. Шунингдек халқаро шериклар иштирокидаги минтақавий диалоглар ҳам бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, 25 май куни Европа ва Марказий Осиёда озиқ-овқат тизимларини трансформациялаш масалалари юзасидан мамлакатлараро даражада ишчи видеоконференция шаклида Минтақавий диалог ўтказилди (ташкилотчи: БМТнинг барқарор стандартлар бўйича форуми). Ушбу видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси томонидан ЎзР қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев иштирок этди.
Кузда ўтказиладиган Глобал Саммит Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича прогрессга эришишга қаратилган ҳаракатларнинг дебочасига айланиши кутилмоқда, уларнинг ҳар бири маълум даражада янада соғлом, барқарор ва адолатли ишлайдиган озиқ-овқат тизимларига боғлиқ бўлиб, бешта мақсадни кўзлайди: Барча хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқатга эга бўлишини таъминлаш; Оқилона истеъмолга ўтиш; Экологик оқилона ишлаб чиқаришни рағбатлантириш; Тенг яшаш шароитларини тарғиб қилиш; Заифлик, зарбалар ва стрессларга қарши тура олишни таъминлаш. (Саммит ҳақида батафсил: https://www.un.org/ru/food-systems-summit/about).
«Барчангизга маълум, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Котиби Антониу Гутерриш томонидан 2021 йилда Глобал Озиқ-овқат Саммитини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур ташаббус биринчилардан бўлиб БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президети Шавкат Мирзиёев томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди, - дея таъкидлади, тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг Аграр соҳани жадал рақамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев. - Бугунги кунда бутун дунёда глобал аҳамиятга эга бўлган иқлим ўзгариши ва сўнгги икки йил ичидаги пандемия шароити аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир давлат учун муҳим стратегик масала эканлигини кўрсатди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи барча давлатлар қатори Ўзбекистон Республикасининг мустақил иқтисодиётини, ижтимоий-иктисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлашда муҳим ўринни эгаллайди. Юртимизда ушбу муаммо долзарблиги сабабли ташкилий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан зарур қарорлар қабул қилинди, уларнинг ижроси бўйича изчил ва тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси” ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ресурстежамкор технологияларни жорий қилинишини молиявий қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш учун шаффоф ва жозибадор муҳитларни яратиш, турли замонавий тузилмаларни, жумладан, кластерлар ва кооперация тузилмаларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган хужжатлар соҳани модернизациялаш ҳамда унда бозор тамойилларини жорий қилишда муҳим ўринни эгалламоқда». Биринчи Миллий диалог ўтказилиши муносабати билан 2021 йил 26 май куни Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
«Аъзо давлатлар томонидан ўтказиладиган ва бугунга ўхшаш диалоглар 2021 йилги Озиқ-овқат Саммити жараёнининг асосий таркиби ва барча манфаатдор томонларни жалб этишнинг самарали формати саналади: яъни булар қонун чиқарувчилар, ишлаб чиқарувчилар, дистрибьюторлар, фермерлар ассоциациялари, хусусий сектор ва истеъмолчилар, - дея сўз олди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер.
- Ҳар бир инсон соғлом ва барқарор курраи заминимизни ўзгартириш сари қаратилган озиқ-овқат тизимларидаги хатти-ҳаракатларини қайта кўриб чиқиши керак. Саммит ишига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, БМТнинг Тараққиёт Дастури ва ФАО кўмагида Нукус ва Наманган шаҳарларида озиқ-овқат тизимлари бўйича бир қатор миллий диалоглар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу диалоглардан мақсад, барқарор озиқ-овқат тизимларини таъминлашга қаратилган миллий стратегияни шакллантиришдир».
«Аграр секторда самарадорликни ошириш ва янги иш ўринларини яратиш мажбуриятини олган Ўзбекистон Ҳукумати саъй-ҳаракатларга мос равишда, БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳам бир қатор устувор вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Янги технологиялар, “яшил” молиялаштиришни илгариш суриш, муносиб шароитларни яратиш, бутун қишлоқ хўжалиги экинларининг асосий таъминотчиси бўлган сув ресурсларини бошқариш каби масалаларга алоҳида эътибор беради», - деди тадбир чоғида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска.
Минтақавий ва миллий мулоқотлар натижалари Озиқ-овқат тизимлари бўйича БМТ Глобал Саммитининг ҳисоботига киритилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги