Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Венгрия делегацияси билан учрашув
2021-05-21 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Венгрия бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Мартон Над бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари А.Мирзаев меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, кейинги йилларда давлатларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганлигини таъкидлади. Хусусан, Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг жорий йил 29-31 март кунлари мамлакатимизга ташрифи чоғида стратегик шериклик бўйича қўшма декларация имзоланди.
Ушбу ташрифдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди ва “Йўл харитаси” тасдиқланди. “Йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига иккита топшириқ белгиланган.
Учрашувда Мартон Над расмий Будапешт Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
Венгрия делегацияси аъзоларига республикамиз сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, хусусан, сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш, ерости сувлари даражаси ва минераллашувини автомат тарзда мониторинг қилишни амалга ошириш имконини берувчи назорат ўлчов ускуналарини ўрнатиш бўйича 2 та лойиҳа тақдимоти ўтказилди.
Таклиф этилаётган лойиҳалар доирасида 2021-2023 йилларда 700 дона сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш қурилмаси ҳамда ерости сувлари даражаси ва минераллашувини автомат тарзда мониторинг қилувчи 1 минг 250 дона қурилмани ўрнатиш режалаштирилган.
Венгрия томони мазкур лойиҳа кўриб чиқилиб, тегишли таклиф берилишини маълум қилди.
Муҳайё Тошқораева
Манба: ЎзА