2021 йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 8 йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Франция Республикасининг Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вакил-вазири Frank Riester бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Аввалги, шу жумладан, икки мамлакат ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг жорий йил 3 май куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди.
Учрашувда бўлажак турли даражадаги қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалаларга алоҳида э’тибор қаратилди. Франция томони 2022 йил кузида Париждаги Лувр музейида. “Марказий Осиё улуғворлиги. Ўзбекистон карвон йўлларида” номли кўргазмани ташкиллаштиришда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Мазкур тадбир икки мамлакат маданий ҳаётидаги ёрқин воқеага айланиши қайд этилди. Музокаралар якунида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон ва Франция ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2021-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги