Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида

2021-05-06 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Аҳоли даромадини оширишга қаратилган тадбиркорлик интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали маҳаллий бошқарув органларини аҳолига янада яқинлаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни самарали ҳал этишнинг Самарқанд тажрибасини амалиётга жорий этиш мақсадида:

1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг 2021 йил 1 июндан бошлаб Самарқанд вилояти туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасида қуйидагиларни назарда тутувчи “маҳаллабай” ишлаш тизимини эксперимент тариқасида ўтказиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:

туман (шаҳар) ҳокимлиги таъсисчилигида Маҳаллабай ишлаш марказларини (кейинги ўринларда – Марказлар) давлат муассасаси шаклида ташкил этиш. Бунда Марказларнинг фаолияти туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан мувофиқлаштириб борилади;

туман (шаҳар)лардаги ҳар учта маҳаллага биттадан маҳаллабай ишлаш инспекторларини бириктириш;

маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозими негизида маҳалла фуқаролар йиғини раисининг тадбиркорлик ва томорқа масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш;

ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раисининг тадбиркорлик ва томорқа масалалари бўйича ўринбосарининг ўзаро узвий ҳамкорликда ишлашини таъминлаш.

2. Белгилансинки:

Марказлар фаолияти ПастдарғомУргут ва Булунғур туманларида жорий йил 1 июндан бошлаб ҳамда Самарқанд вилоятининг қолган туман (шаҳар)ларида 1 августга қадар ташкил этилади;

Марказларда очиладиган штат бирликлари туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказининг ишга жойлаштириш инспекторлари штат бирликлари қисқартирилиши ҳисобидан шакллантирилади.

3. Марказларнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳолининг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратиш орқали камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш;

маҳаллабай ишлаш асосида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш;

тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, жумладан, аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар олишда кўмаклашиш;

тадбиркорлик, ҳунармандчилик қилиш истагини билдирганларга замонавий асбоб-ускуналар ҳамда мини-технологиялар топишда кўмаклашиш;

маҳалладаги инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда хорижда меҳнат фаолиятини юритиш ва малака ошириш истагини билдирган фуқаролар билан ишлаш.

4. Самарқанд вилояти туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг намунавий ташкилий тузилмаси 1–3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

5. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:

Маҳаллабай ишлаш марказининг намунавий низоми ва ташкилий тузилмасини;

Маҳаллабай ишлаш марказлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича разрядларини тасдиқласин.

6. Самарқанд вилояти ҳокимлиги туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан намунавий низом ва ташкилий тузилма асосида Маҳаллабай ишлаш марказининг устави ва ташкилий тузилмаси тасдиқланишини таъминласин.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра Марказ директори:

вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан келишилган ҳолда туман ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

маҳаллалар кесимида тўпланган муаммо ва мурожаатларни мувофиқлаштириб, уларни ҳал этишда туман (шаҳар) ҳокимининг тегишли ўринбосарлари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этади;

амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашида ҳисобот бериб боради.

8. Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташкил этиладиган Марказларни тегишли бино, замонавий ахборот воситалари (компьютер тўплами, алоқа, Интернет ва бошқалар) билан таъминлаш чораларини кўрсин.

9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш ва ҳал этишда шаффофликни таъминлаш ва инсон омилини камайтириш мақсадида Марказ ва маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини ўзаро боғлиқ ҳолда рақамлаштиришни назарда тутувчи “Онлайн маҳалла” дастурий таъминотини (кейинги ўринларда – дастурий таъминот) ишлаб чиқсин.

Бунда дастурий таъминот орқали мурожаатларни қабул қилиш, Марказга юбориш ва ижросини мониторинг қилишга алоҳида эътибор қаратилсин.

10. Молия вазирлиги:

дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг бюджетдан ташқари ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопласин;

2022 йилдан бошлаб ҳар йили дастурий таъминотни техник ва дастурий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги буюртманомасига асосан зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутган ҳолда ажратсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда Марказлар ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг тадбиркорлик ва томорқа масалалари бўйича ўринбосарлари учун янги жорий этиладиган тизимнинг туб моҳияти ва самарали фаолият кўрсатиши бўйича ўқув семинарларини ташкил этсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда:

мазкур тажрибани таҳлил қилиб бориш мақсадида Самарқанд вилоятининг туман (шаҳар)ларидаги Марказлар фаолиятини мониторинг қилиш гуруҳини ташкил этсин;

мониторинг гуруҳи томонидан тажриба жараёнида тизимдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, фаолиятни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва ваколатли органларга тақдим этиб бориш чоралари кўрилишини таъминласин.

2022 йил 1 январдан бошлаб мазкур экспериментни республиканинг бошқа ҳудудларида жорий қилиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан таклиф киритсин.

13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ташкилий тузилмасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

14. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

       Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 6 май

 

Манба: ЎзА

Поделиться