Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Савдо ҳажмини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди
2021-05-06 | Иқтисодиёт
Макка шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Саудия Арабистони Подшоҳлиги тижорат вазири Мажид бин Абдуллоҳ ал-Қассабий билан Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасида ўзаро савдо доирасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини ва савдо айланмасини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро савдони ривожлантиришнинг улкан салоҳияти мовжудлигини қайд этди ҳамда савдо тўсиқларини бартараф этиш ва икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш юзасидан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга ўзаро тайёр эканликларини билдирди.
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида “Ўзстандарт” Агентлиги ва Саудия Арабистони стандартлаштириш, метрология ва сифат агентлиги ўртасида техник ҳамкорлик бўйича қўшма дастур тасдиқланишини олқишлади.
Божхона йўналишларини тартибга солиш ва ахборот алмашиш соҳасида идоралараро битимни имзолаш мақсадида икки мамлакат божхона хизматлари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришга келишди.
Шунингдек, томонлар ишчи гуруҳ даражасида савдо, инвестиция ва туризм соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва уларни тезда амалга ошириш чораларини кўришга келишиб олди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги