Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирлар қабул қилинди
2021-05-05 | Сиёсат
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги қўшимча чоралари жорий этилди:
а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан:
- Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмаган миқдордаги фоиз ставкаси билан кичик тадбиркорлик субъектларига миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация, унинг белгиланган миқдорларини сақлаб қолган ҳолда тақдим этилади;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 75 %игача, бироқ БҲМнинг 150 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик берилади;
- тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари бўйича компенсация ва кафилликлар кредит шартномалари сонидан қатъи назар берилади. Бунда, компенсациялар тақдим этилаётган кредитларнинг умумий суммаси 10 млрд сўмдан, кафилликларнинг умумий суммаси эса 8 млрд сўмдан, бироқ умумий кредит суммасининг 50%идан ошмаслиги лозим;
б) Экспортни рағбатлантириш агентлиги экспорт қилувчилар томонидан товарлар улар бўйича тўловларни кечиктириб тўлаш шарти билан экспорт қилинганда, уларнинг айланма маблағларини тўлдириш учун револьвер кредитларни молиялаштиришга тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этади. Бунда ушбу ресурслар ҳисобидан кредитлар тўловлар кечиктирилган муддатга ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар қиймати миқдорида, бироқ 3 млн АҚШ доллари эквивалентидан кўп бўлмаган миқдорда, йиллик 4 фоизли ставка (шундан, 2%и банк маржаси) билан ажратилади;
в) 2021 йил 1 майдан бошлаб чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар ва «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импорт қилувчилар учун қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари икки бараварга камайтирилади. Бунда 2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланади.
2021 йил 1 июндан бошлаб:
- инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали ажратишга рухсат берилади;
- 3 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;
3 йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
Бунда ушбу тартиб бўйича гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ ёки тўловлар суммаси тадбиркорлик субъекти томонидан охирги 3 йил давомида тўланган солиқ ёки божхона тўловлари суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: https://lex.uz/docs/5382185
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги