Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сирдарё вилоят ҳокими Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси вакиллари билан учрашди
2021-04-30 | Сиёсат
Вилоят раҳбари Ғофуржон Мирзаев вилоят ҳокимлиги «Қабуллар уйи»да Жанубий Корея - Ўзбекистон бизнес ассоциацияси (КУБА) раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Делегация таркибида Жанубий Корея - Ўзбекистон бизнес ассоциациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Юн Джун Сок ҳамда «NURI Corporation» корпорацияси президенти Ванг Жун Хо ўрин олган.
Музокаралар давомида устувор йўналишларда икки томонлама ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янги экологик тоза қадоқлаш маҳслулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни ўрганиш ва уларнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Сирдарё вилоятида бугунги кунда мазкур давлат билан саноат, таълим, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда алоқалар йўлга қўйилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Жанубий Кореялик йирик компания ва тадбиркорларнинг вилоят инвестицион салоҳиятига қизиқиши кучли.
Бугунги кунда Сирдарё вилоятида Жанубий Корея давлати билан ҳамкорликда 5 та корхона ўз фаолиятини юритиб келяпти.
Мазкур корхоналар томонидан пахтачилик ва тўқимачиликга ихтисослашган агросаноат мажмуаси, замонавий корея технологиялари асосидаги иссиқхоналар, парфюмерия маҳсулотлари, сабзавотлар етиштириш, транспорт мойи улгуржи савдоси каби фаолият турлари йўлга қўйилган.
2020 йилда Сирдарё вилоятининг Корея Республикаси билан ўзаро ташқи савдо айланмаси 9 миллион долларга етказилиб, шундан экспорт 2 миллион доллар (20%), импорт 7 миллион доллар (80%)ни ташкил этганини қайд этиш лозим. Экспорт қилинган товар ва хизматларнинг асосий қисми мева-савбзавот, дуккакли ўсимлик маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келса, иссиқхона метал конструкциялари, автоэхтиёт қисмлар, кимёвий моддалар, махсус техникалар импортда асосий ўринда туради.
Учрашув аввалида меҳмонларга вилоятда транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш, ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш, саноат ва тадбиркорликни жадал қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоятда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари қатори корейс миллатига мансуб аҳолининг ҳам ўз миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши, бойитиши ҳамда келгуси авлодларга етказиши учун кенг имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлади.
Мулоқот чоғида бизнес вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, кичик бизнес соҳасига инвестициялар жалб этиш, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйиш масалаларида ҳам сўз борди.
— Мен Ўзбекистоннинг турли вилоятларида бўлганман. Уларнинг орасида Сирдарё - республиканинг ниҳоятда қулай қисмида жойлашганлиги, қулай транспорт тизимига эгалиги ва инфратузилма объектларига бой эканлиги билан ажралиб туради, — дейди Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон. — Кореянинг ривожланган бирор бир вилояти билан Сирдарёни доимий боғлаб қўйиш бўйича таклифлар тайёрлаябмиз. Бу орқали кореялик ва сирдарёлик тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш имконияти кенгаяди.
Бугунги кунда жахондаги долзарб муаммолардан бири бу бир марталик полипропилен қадоқлаш воситаларининг атроф муҳитга зарари юқорилиги ва ушбу маҳсулотлар зарарсизлантириш кўп вақт талаб этилиши барчамизга маълум. Бундай муаммолар ўз-ўзидан янги замонавий ечим топишга ундайди.
Буни инобатга олган ҳолда, ўзаро ҳамкорлик доирасида, Сирдарё вилояти ҳудудида экологик тоза қадоқлар ишлаб чикариш лойихаси орқали атроф-муҳитга зарарини сезиларли равишда камаятириш бўйича дастлабки келишувга эришилди, деб хабар беради Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Манба: «Янги Ўзбекистон»