Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электрон ҳукуматнинг «эстонча модели». Ўзбекистон ва Эстония ҳамкорлиги янги босқичга ўтди
2021-04-27 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон электрон ҳукумат соҳасида Эстония тажрибасини ўрганмоқда. Шу ўринда савол туғилади, нега айнан Эстония? Аҳолиси сони жиҳатидан Тошкент шаҳриникидан уч баравар камни ташкил этувчи бу кичик мамлакат тажрибаси биз учун қанчалик намуна бўла олади?
Ишониш қийин, аммо Япония ва АҚШ каби энг илғор мамлакатлар ҳам мўъжазгина Эстония кўмагига таянишмоқда: e-Estonia доирасида Японияда рақамли рецептлар сайтлари ишга туширилган, АҚШ учун эса телекоммуникацияларда маълумотларни хавфсиз алмашиш тизимлари ишлаб чиқилган.
Эстония нафақат ўзининг, балки бошқа мамлакатларнинг ҳам «рақамли жарлик»дан ўтиб олишлари учун, e-Estonia Briefing Centerга асос солган. Унда 130 дан ортиқ мамлакатга энг ўринли ечимлар тақдим этилган.
Электрон Эстония
Уни кўпинча «электрон Эстония» деб аташади. Бу – ушбу юртда рақамли технологияларнинг юқори даражада ривожланганлигидан далолат. Дарҳақиқат, Эстония рақамли жамият барпо этишда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди.
Электрон хизматларнинг самарадорлиги оддий фуқароларда ҳам, сиёсатчиларда ҳам катта иштиёқ уйғотади. Эстония дастурчилари Skype, Hotmail ва Transferwise лойиҳаларининг яратилишига ўз ҳиссаларини қўшишган.
Эстония интернетдан фойдаланишни инсон ҳуқуқи даражасига айлантирди ва намунали стартап муҳитини яратди. Юридик шахслар ва оддий фуқароларга кўрсатиладиган давлат хизматларининг аксарияти аллақачон рақамли шаклга ўтиб бўлган.
Мазкур инқилоб 1991 йилга бориб тақалади. Эстония ўз мустақиллигига эришган кунданоқ ҳукумат раҳбарлари ва сиёсатчилар бюрократиясиз давлатни тиклашга қарор қилдилар. Орадан 30 йил ўтиб, Эстония дунёдаги энг зўр рақамли инфратузилмани қура олди. Имзолар — рақамли, солиқ тўлайман десангиз, марҳамат, интернет бор. Бир-икки дақиқангиз, бир-икки мегабайтингиз кетади, холос — ҳафсала бўлса бас. Сайловлар ҳам онлайн, ҳеч қандай сайлов қутилари, варақалар, машмашаларсиз ўтади. Мактаблар сайлов участкаларига айлантирилмайди. Компьютер ёки телефоннинг ўзи ҳам етади. Албатта, шахсан бориб овоз берсаям бўлади, бироқ тобора кўпчилик «рақамлар»ни танлаяпти.
Бугунги кунда ҳар бир эстониялик кундалик ҳаётида рақамли хизматлардан доимий равишда фойдаланиб келади: улар учун 600 дан ортиқ онлайн хизматлар, бизнес вакиллари учун эса 2400 дан зиёд электрон давлат хизматлари кўрсатилади.
Эстонияда ишлаб чиқилган ва онлайн паспорт вазифасини бажарадиган ID-карта орқали мамлакат аҳолиси қуйидаги амалиётлардан фойдаланишлари мумкин:
ID-карта Эстонияда деярли барча электрон хизматлардан фойдаланишда муҳим рол ўйнайди. Бу шахсни аниқлаш ва рақамли имзо билан ҳужжатни тасдиқлаш имконини беради. Электрон рақамли имзонинг аҳамияти Эстония қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйилган. Хатарларни камайтириш учун кучли кодлаш қўлланилади ва ID-картада минимал шахсий маълумотлар мавжуд. Йўқотилган карталарни осонгина бекор қилиш мумкин.
Эстонияда бепул ва тезкор симсиз интернет деярли ҳамма жойда: боғларда, майдонларда, кафеларда, ресторанларда, аэропортларда, поездларда, автовокзалларда, ҳатто ўрмонда ҳам мавжуд.
Давлат хизматларининг шаффофлиги ва қулайлиги туфайли Эстония дунёдаги энг ривожланган электрон давлатлардан бирига айланди. Эстония электрон бошқарув академияси орқали Марказий ва Шарқий Eвропа, Африкадаги давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, ўз тажрибаларини ўртоқлашиб келади.
Айнан ушбу Эстония Электрон бошқарув академияси Ўзбекистон билан алоқаларда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон ва Эстониянинг АКТ йўналишида ҳамкорлик алоқалари
Жорий йилнинг 7 апрель куни Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О. Пекос Эстония электрон бошқарув академиясининг ижрочи директори Ҳаннес Aсток билан онлайн учрашув ўтказганди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, 14 апрель куни жаноб Ҳаннес Aсток Ўзбекистонга ташриф буюрди. Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда, бугунги кунда Эстония электрон ҳукуматни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича Европа ҳамда дунёда етакчилардан бири ҳисобланиши, Болтиқбўйи давлатининг тажрибаси мамлакатимизда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
16 апрель куни Ўзбекистон ва Эстония ўртасида электрон ҳукумат соҳасида ҳамкорлик олиб бориш тўғрисида меморандум имзоланди.
Унда электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Электрон ҳукумат ривожи янги босқичга олиб чиқилади
Эстония электрон бошқарув академиясининг ижрочи директори Ҳ.Астокнинг Ўзбекистонга ташрифи мобайнида Электрон ҳукумат лойиҳаларни бошқариш марказида ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат ўртасида электрон ҳукумат ва рақамли ривожланиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, давлат хизматларни электрон шаклга ўтказиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизматларни кўрсатишда электрон алмашинув механизмларни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
БМТнинг электрон ҳукуматлар бўйича 2020 йилги рейтингида Эстония дунёнинг энг рақамлашган уч мамлакатидан бири сифатида эътироф этилди.
Рўйхатнинг энг юқори поғоналарида Эстониянинг борлиги тасодиф эмас, зеро, Болтиқбўйи мамлакати электрон ҳукуматни жиддий ривожлантиришни бошлаганидан бери анча йўл босиб қўйди. Эстония электрон ҳукумати халқаро рейтингда 2016 йили — 13-ўринда, 2018 йили — 16-ўринда эди.
2020 йилги катта сакраш кичик мамлакатни бир йўла учинчи ўринга олиб чиқди.
Ўзбекистон ушбу глобал рейтингда 87-ўринда қайд этган. Мазкур соҳада яна ҳам юқори поғоналарни забт этиш мақсадида дунёда етакчи бўлган давлатлар билан фикр алмашиб, халқаро тажрибадан ўтган электрон ҳукумат хизматларини мамлакатимизда жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, келгуси
5 йил давомида рақамли иқтисодиётга тезкор ўтиш Ўзбекистон учун устувор вазифа ҳисобланади.
Фармон қабул қилинганига ярим йилдан ошган бўлса-да, унда белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳозирданоқ ўз мевасини бермоқда. Биргина мисол, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимини жорий этиш натижасида ижтимоий нафақа тайинлашда 11 турдан ортиқ турли хил ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиш бекор қилинди ҳамда 1 миллион 200 мингдан ортиқ оилага ижтимоий нафақа бўйича моддий ёрдам пули автоматлаштирилган тарзда ажратилди.
Бу эса, ижтимоий нафақага муҳтож оилаларни ҳар хил сарсонгарчиликлардан халос қилиб, инсон аралашувидан ҳоли бўлишга, коррупциянинг олди олинишига хизмат қилади.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) аҳолига бу каби кенг қулайликлар яратувчи хизматлар талайгина бўлиб, бугунги кунгача жорий қилинган хизматлар сони 212 тага етказилди.
Бизнинг мамлакатда ҳам Эстония каби ID-карта тизимига ўтиш юзасидан ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Эндиликда фуқарога паспорт ўрнига ID-карта берилиши жараёнида у автомат тарзида электрон ҳукумат фойдаланувчиси сифатида (id.egov.uz) рўйхатга олиниб, электрон рақамли имзо берилиши йўлга қўйилган.
Электрон ҳукумат бўйича дунё рейтингида етакчи бўлиб турган мамлакатлар билан алоқалар эса белгиланган марраларга эришишни тезлаштиришга хизмат қилади.
Шу маънода учрашувда Ўзбекистонда электрон ҳукуматни ривожлантириш, жумладан, давлат хизматларини электрон форматга ўтказиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизматлар кўрсатиш, ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлашга келишиб олинди.
Учрашув натижаларига кўра, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича асосий тадбирларни амалга оширишнинг мақсадлари, вазифалари, йўналишлари ҳамда муддатлари белгилаб олинди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»