Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Авиация корхоналарида трансформация жараёнлари муҳокама қилинди
2021-04-20 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 ноябрдаги фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси негизида иккита – “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятлари тузилган эди. Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар қаторида мазкур компаниялар ҳам трансформация қилиниши режалаштирилган. Шу билан бирга, коронавирус пандемияси билан боғлиқ иқтисодий қийин вазият авиация тармоғини такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Юртимиз авиакомпанияларини трансформация қилишда асосий эътибор иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган. Масалан, “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти харажатларини 46,5 миллион долларга қисқартириш ҳисоб-китоб қилинган. Бунинг учун компания ва унинг таркибидаги ташкилотларда иш ўринларини оптималлаштириш, фойдаланилмаётган 12 та самолётни тасарруфдан чиқариш, авиачипталарни хорижда сотиш бўйича агентлар комиссияси фоизини тушириш мўлжалланмоқда.
Шунингдек, даромадларни йилига 40 миллион долларга кўпайтириш мақсад қилинган. Бунинг учун талаб юқори бўлган шаҳарларга чартер парвозларни ва янги йўналишлар бўйича карго ташувларини амалга ошириш, барча маҳаллий рейсларга онлайн рўйхатдан ўтиш ва жойларни танлаш имкониятини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Янги бизнес стратегиясига кўра, қатновлар гибрид усулга ўтказилиб, тўлиқ хизматлар ва бюджет хизматлар модели бўйича амалга оширилади. Талаб кам бўлган йўналишларда бизнес класс бекор қилиниб, ўриндиқлар сони кўпайтирилади.
Шу йил учинчи чоракдан бошлаб 4 та А-320 самолётида лоукостер, яъни арзон қатновлар ташкил этиш мўлжалланган. Узоқ масофали йўналишларни ривожлантириш учун 3 та А321 NEO LR “ҳаво кемаси”ни лизингга олиш, маҳаллий авиақатновлар сонини ҳафтасига ҳозирги 17 тадан 49 тагача ошириш режалаштирилган.
Йўловчилар учун қулайликларни ошириш мақсадида соҳани рақамлаштириш, жумладан, “Aerolabs” онлайн хизматлар кўрсатиш тизимини ҳамда мижозлар билан ишлашни бошқариш учун CRM комплексини татбиқ этиш кўзда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев хизматлар қулайлиги ва сифатини ошириш орқали аҳолини авиақатновларга кўпроқ жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
“Uzbekistan airports” акциядорлик жамияти самарадорлигини ошириш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бугунги кунда ушбу жамият таркибида 11 та аэропорт бор ва уларнинг ҳар бири мустақил фаолият юритмоқда.
Тақдимотга кўра, мазкур аэропортларни ягона бошқарув органи тасарруфида бирлаштириш таклиф қилинмоқда. Молиявий барқарорликни ошириш мақсадида, халқаро тажриба асосида, харажатларни 32 фоиздан 15 фоизга тушириш, харидларни оптималлаштриш, аэропорт хизматлари учун йиғимларни 27 фоизга, жумладан, зиёрат туризми доирасида 50 фоизгача камайтириш мўлжалланмоқда.
Даромадларни кўпайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Тошкент халқаро аэропортида юк терминалини барпо этиб, Европа ва Шарқий Осиё ўртасида транзит ҳажмини ошириш, аэровокзал майдонларини кенгайтириш орқали савдо ва хизматлар тушумини кўпайтириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ҳар йили ошириб бориш, ҳудудлардаги аэропортларда кетринг ва бошқа хизматларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти