Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Россиянинг янги тайинланган элчисини қабул қилди
2021-04-12 | Сиёсат
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Россия элчиси этиб тайинланган Олег Малгиновни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилар экан, вазир элчини Ўзбекистондаги фаолияти бошланиши билан табриклади ҳамда унга юксак ва масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилади.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Олий ва юқори даражада бўлажак тадбирлар жадвали ва кун тартиби кўриб чиқилди.
Музокараларда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.
Олег Мальгинов 2009-2021 йилларда Россиянинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхонасини бошқарган, мамлакатимизнинг «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари ҳамда Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган элчи Владимир Тюрденев ўрнини эгаллади.
Россиянинг янги элчиси 64 ёшда. У Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган. 1979 йилдан бери дипломатик фаолият билан шуғулланади. Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппарати ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаган. Бангладеш ва Руминиядаги элчихоналарни бошқарган.
2016–2021 йилларда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг чет элдаги ватандошлар билан ишлаш бўйича департаменти директори лавозимида ишлаган. Жорий йил 5 март куни О.Мальгинов Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги