Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистонга ташрифига доир
2021-04-10 | Сиёсат
Жорий йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатларини боғловчи чегара ҳудудда (“Ғишткўприк” – “Жібек жолы”) “Марказий Осиё” халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказига тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Аскар Мамин иштирок этди.
Сўнгги йилларда Давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган самимий, илиқ муносабатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасида яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётгани, Президентларимизнинг ташаббуслари ва сиёсий иродалари туфайли кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилиб, ўзаро манфаатли лойиҳалар билан бойитилаётгани таъкидланди.
“Марказий Осиё” халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик маркази ушбу лойиҳаларнинг амалдаги ифодасидир.
Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу лойиҳа нафақат икки томон учун самарали бўлади, балки минтақада савдо-иқтисодий алоқалар ривожига ҳам қўшимча туртки беради.
Қозоғистонга ташриф доирасида Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари делегациялари иштирокида ишчи йиғилиши ҳам ўтказилди.
Йиғилишда қардош халқларимиз манфаатлари йўлида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни изчил амалга оширишнинг мақбул йўллари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг матбуот хизмати