Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2021-04-08 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6200-сон фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тузилмаси ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;
Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги магистрал каналлар (тизимлар) бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси 5-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги ирригация тизими бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси ҳамда бошқарув ходимларининг чекланган сони 6 ва 6а-иловаларга мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги
ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги туманлар (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимларининг намунавий тузилмаси ҳамда бошқарув ходимларининг чекланган сони 7 ва 7а-иловаларга мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги
ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси 8-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги
ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги мелиоратив экспедициялар аппаратининг намунавий тузилмаси 9-иловага мувофиқ;
Сув омборларидан фойдаланиш бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси 10-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Сув хўжалиги вазирига:
зарур ҳолларда Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар, тизимдаги ташкилотлар тузилмаларига бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида ўзгартириш киритиш;
йирик гидротехника иншоотларининг, энг аввало, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда, қурилишида ва эксплуатация ишлари олиб борилишида хавфсизлик чоралари кўрилиши юзасидан буюртмачи, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари ҳамда сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг жавобгарлигини ошириш вазифаларини белгилаш;
юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари
ва бошқа ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини маслаҳатчи сифатида жалб этиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 6 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6200-сон фармони билан жорий қилинган сув хўжалиги вазирининг:
а) сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ўринбосари қуйидагилар учун шахсан жавобгардир:
сувни тежайдиган технологияларни ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитлари, ихтисослашуви ҳамда сув ва бошқа зарур ресурслар билан таъминланганлигидан келиб чиқиб жорий этишни ташкил қилиш;
сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонларнинг ҳисобини юритиш ҳамда давлат субсидияларини ажратиш механизмини автоматлаштириш;
сувни тежайдиган технологияларни қўллаш борасида илмий ва илмий-техник фаолиятни ривожлантириш, сув хўжалиги ташкилотлари билан таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги интеграцияни таъминлаш;
б) давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси қуйидагилар учун шахсан жавобгардир:
сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ва аутсорсинг механизмларини жорий этишни ривожлантириш;
сув хўжалиги объектлари бошқарувини рақамли технологиялар асосида автоматлаштириш;
сув хўжалиги объектларида сувнинг ҳисоби ва электр энергияси истеъмолини рақамли технологиялар асосида назорат қилиш орқали сувдан фойдаланиш шаффофлигини таъминлаш ҳамда самарадорлигини ошириш;
ер усти сувларидан фойдаланиш бўйича давлат сув кадастрини юритишни замонавий технологиялар ёрдамида такомиллаштириш.
4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) тузилмаси 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
сув хўжалигида капитал қурилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган устувор инвестиция лойиҳаларини ошкоралик асосида танлаш, уларнинг йиллик, қисқа ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш;
сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларининг манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқлаш;
сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва бош пудрат ташкилотларини танлов (тендер) асосида аниқлашни ҳамда тегишли шартномалар расмийлаштиришни ташкил қилиш;
сув омборлари ва бошқа тоифаланган сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертиза қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлик мезонларини ишлаб чиқишга хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, шунингдек, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш.
5. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказининг (кейинги ўринларда – Марказ) тузилмаси 12-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган хорижий инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда – ХМИ ва ХҲМТ) маблағлари иштирокидаги устувор инвестиция лойиҳаларини ошкоралик асосида танлаш, уларнинг қисқа ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш;
сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ХМИ ва ХҲМТ маблағларини жалб қилиш;
ХМИ ва ХҲМТ маблағлари иштирокидаги хорижий инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхатлари белгиланган тартибда тасдиқланишини ташкил қилиш;
сув хўжалиги соҳасидаги хорижий, шу жумладан, ХМИ ва ХҲМТ маблағлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
сув хўжалиги соҳасидаги хорижий, шу жумладан, ХМИ ва ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тендер савдолари асосида бош пудрат ташкилотларини белгиланган тартибда аниқлаш ҳамда тегишли шартномаларни расмийлаштириш;
лойиҳалар ва сублойиҳалар амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб бориш, шунингдек, буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш.
6. Белгилансинки:
Агентлик фаолияти Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади;
Агентлик Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Қори Ниёзий кўчаси, 39-уй манзилидаги “А” бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;
Марказ Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи, Осиё тараққиёт банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳлари лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳининг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;
Марказга Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда сув хўжалиги вазирининг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади;
Марказ директори мақоми тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
Марказ фаолияти Давлат бюджети маблағлари, ХМИ ва ХҲМТ маблағлари, Марказ буюртмачи бўлган лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган қурилиш ишларидан ажратмалар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади;
Марказга Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси, 1а-уй манзилидаги “А” блокнинг 2 ва 3-қаватлари текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) ва Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) тегишли халқаро молия институтлари билан келишилган ҳолда сув хўжалигида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида уч ой муддатда:
Агентликнинг объектларда техник назоратни амалга оширувчи мутахассислари меҳнат меъёрини белгилаш бўйича нормативлар тасдиқланишини;
Марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг қарз (кредит) келишувлари муддатлари узайтирилишини;
Марказ ходимларининг ойлик иш ҳақи икки баробарга оширилишини таъминласин.
8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (О.А.Пекось) Агентлик ҳамда Марказнинг буюртманомаларига мувофиқ уларни белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситалари билан ҳамда юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминласин.
9. Сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси” 13-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
10. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) бир ой муддатда:
Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмаларини, шунингдек, Агентлик ва Марказни зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга, юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошириш қобилиятига эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдирсин;
Сув хўжалиги вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва улар раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг аниқ кўрсаткичлари ва мақсадли индикаторларга эришишга асосланган мутлақо янги тизимини жорий этиш, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган соҳани стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ҳамда самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.
11. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:
Сув хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низомни;
Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги тўғрисидаги низомни;
Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4486-сон қарорига 14-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 15-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 6 апрель
Манба: ЎзА