Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
2021-03-08 | Сиёсат
Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!
Ҳурматли опа-сингиллар!
Мунис ва лобар қизларим!
Аввало, сиз азизларни, бутун юртимиз аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, мунис аёлларимизнинг беқиёс ўрнини оддий сўзлар билан ифода этиш ниҳоятда қийин вазифа.
Мана шундай қутлуғ айём кунларида сиз, азизларнинг шаънингизга мадҳиялар айтиш учун одам шоир бўлиб туғилмаганига афсусланиб қолади. Бу ёруғ дунёни қуёшсиз, еру осмонсиз тасаввур этиб бўлмаганидек, ҳаётимизни ҳам мўътабар оналаримиз, меҳрибон аёлларимиздан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз.
Сизлар биз учун аввало муқаддас она, азиз Ватан, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаидирсиз. Бу азалий ҳақиқатни мураккаб пандемия шароитида айниқса чуқур ҳис этмоқдамиз.
Сизлар – фидойи шифокорлар, меҳрибон ҳамширалар кўрсатган жасорат ва матонат туфайли минг-минглаб беморлар шифо топиб, ҳаёт қувончини яна ҳис этди.
Сизларнинг устоз сифатидаги фаолиятингиз эвазига миллионлаб фарзандларимиз таълим ва тарбиядан узилиб қолмади.
Сизларнинг барча соҳалардаги фидокорона меҳнатингиз ҳисобидан мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда.
Бугун биз барча соҳаларда маррани жуда катта оляпмиз, қанча-қанча улкан дастурлар, режа ва лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Улар биринчи навбатда оналаримиз, опа-сингилларимиз, азиз фарзандларимизнинг ҳаёт ва меҳнат шароитини яхшилашга қаратилган.
Фурсатдан фойдаланиб, барчамизга доимо тоғдек таянч бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча улкан ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб келаётганингиз учун сизларга, бутун Ўзбекистон хотин-қизларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Бугунги даврамизда иштирок этаётган дипломат аёллар – хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам чин дилдан қутлаб, мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётганлари учун уларга самимий ташаккуримни изҳор этаман.
Қадрли дўстлар!
Бугунги кунда азизу мукаррам аёлларимизнинг барча соҳа ва тармоқлардаги ўрни ва таъсири янада ортиб бормоқда. Бунинг тасдиғини республикамизда меҳнат билан банд аҳолининг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётганида ҳам яққол кўриш мумкин.
Аёлларимиз орасида таниқли давлат ва жамоат арбоблари, жумладан, ўнлаб сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, профессорлар, Ўзбекистон халқ шоирлари, Халқ ўқитувчилари, Халқ артистлари, нодавлат ташкилотларнинг фаол вакиллари борлиги барчамизни қувонтиради.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етди. Юртимиз бўйича бир ярим мингга яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хусусан, ташкилотчи ва ташаббускор опа-сингилларимиз 6 та туманда ҳоким вазифасида, юзлаб ҳудудларимизда ўринбосар ва маслаҳатчи лавозимларида самарали фаолият кўрсатмоқда. Йирик корхоналар, банклар ва компаниялар, тадбиркорлик субъектларини бошқармоқда.
Ана шундай катта салоҳиятни янада ошириш, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди.
Бундай замонавий билим ва истеъдодга, етакчилик қобилиятига эга, эл-юртимиз учун фидойи хотин-қизларимиз – халқимиз, миллатимизнинг олтин фонди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Азиз ва қадрли опа-сингиллар!
Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Хабарингиз бор, 26 февраль куни бўлиб ўтган видеоселекторда ана шу тизим асосида амалга оширилган ишлар ва олдимизда турган режаларни атрофлича муҳокама қилган эдик. Ана шу муҳим вазифаларни амалга оширишда сиз, ҳурматли опа-сингилларимиз бундан буён ҳам фаол иштирок этасизлар, деб ишонаман.
Кейинги вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарияти бошчилигида республика ишчи гуруҳи тузилиб, барча ҳудудларда аёлларни қийнаётган муаммолар аниқланди. Ушбу муаммолар бўйича манзилли иш олиб бориш учун мутлақо янги тизим – “аёллар дафтари”ни жорий этдик.
Кейинги 3 ойда республика комиссияси томонидан ушбу “дафтар”га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир аёлларнинг 32 минг нафари иш билан таъминланди. Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан салкам 17 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Қарийб 55 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди.
“Беш муҳим ташаббус” доирасида чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёллар бандлиги таъминланди.
Уй-жой сотиб олиш учун 1 минг 250 нафар опа-сингилларимизга қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди.
Бундай хайрли ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилади. Мен бу борада куни кеча янги қарорни имзоладим. Унга кўра, жамиятда аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғин – маҳаллагача етказиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилмоқда.
Бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди.
Шунингдек, жорий йилда турмуш шароити оғир бўлган аёллар ҳамда ёлғиз онаси қарамоғида ўсган қизларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида бюджетдан 210 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Бошпанаси бўлмаган аёлларни ижара асосида “ижтимоий уй-жойлар” билан таъминлаш учун яна 211 миллиард сўм йўналтирамиз. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ҳамда ўзгалар парваришига эҳтиёжманд бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам бериш ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож аёлларни даволаш учун қўшимча равишда 110 миллиард сўм берилади.
Шу билан бирга, аёллар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча равишда 600 миллиард сўм ажратилади.
Яна бир муҳим масала. Кейинги пайтда униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз тарбиясига, умуман, оила институтига салбий таъсир кўрсатадиган оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича самарали иш олиб борилмоқда. Буни маҳалла фаоллари ва жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатлари билан ажралиш ёқасига келиб қолган 23 мингга яқин оила яраштирилгани, ажримлар сони 3 мингдан зиёдга камайгани ҳам кўрсатиб турибди. Лекин бир аччиқ ҳақиқатни тан олишимиз керак: бу рақамлар ҳамон юқори бўлиб қолмоқда. Ўтган йили 28 мингдан зиёд оила ажралиб кетгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Албатта, барчамизнинг истагимиз, тилагимиз битта: қани эди, юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса, оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса.
Мен бир фикрни қайта-қайта айтишдан чарчамайман.
Оила – бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу – энг улуғ саодатдир. Машҳур қўшиқлардан бирида айтилганидек, “Уйида бахти борлар – ҳар ерда бахтиёрдир”.
Мен азиз йигит-қизларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қаранг. Бу масалага юзаки ёндашиб, ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф остига қўйманг.
Мен бу борада кўпни кўрган маҳалла фаоллари, муҳтарам фахрийларимиз, кайвонилар, маънавиятимиз ва динимиз фидойилари, ўз тенгдошларига ибрат бўлиб келаётган ёшларимиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қиладилар, деб ишонаман.
Муҳтарам юртдошлар!
Сизларга маълумки, яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ва тадбиркорлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттиришимизни таъкидладим.
Бу йўлдаги муҳим қадамларимиздан бири сифатида шу йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес форумини ўтказамиз.
Бу борадаги ишларимизни жадаллаштириш учун “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси”ни қабул қилиб, уни амалга оширишга киришмоғимиз лозим.
Қизларимиз тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, иш жойига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрнини топишига алоҳида аҳамият беришимиз зарур.
“Аёллар дафтари” бўйича “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш усули орқали ҳар бир маҳалла ва хонадон кесимида уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишимиз шарт.
Барчангизга яхши аёнки, жойларда янги-янги “IT-парк”лар ташкил этяпмиз. Бу орқали меҳнат бозорида “ақлли технологиялар”, инновациялар асосида амалга ошириладиган янги хизмат турлари кўпайиб бормоқда.
Бу жойларда ким ишлайди? Бу бозорни ким эгаллайди? Албатта, ўзимизнинг болаларимиз, қизларимиз эгаллаши керак.
Айниқса, китобхонлик, адабиёт, санъат ва спортга меҳр ёшларимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши лозим. Хабарингиз бор, кейинги пайтда жамиятимиз ҳаётида маънавий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича янги қарор ва дастурлар қабул қилдик. Уларни тўлиқ амалга оширишда биз биринчи навбатда сиз, ҳурматли хотин-қизларимизнинг фаоллигингиз, юксак интеллектуал салоҳиятингиз, билим ва тажрибангизга таянамиз.
Қадрли ватандошлар!
Ҳар йили ушбу қутлуғ сана арафасида ўқишда, ишда, жамоат ишларида, ўзининг истеъдод ва қобилиятини намоён этишда дастлабки ютуқларга эришган иқтидорли қизларимизни Зулфия номидаги давлат мукофотлари билан тақдирлаш мамлакатимизда эзгу бир анъанага айланиб қолди.
Бугун ана шундай қизларимиз қаторига яна 28 нафар иқтидорли ёшларимиз қўшилмоқда. Улар келгусида худди Зулфия опамиз сингари ўқишда, меҳнатда, шахсий ҳаётда, ўз истеъдоди, билим ва қобилиятини Ватанимиз равнақи йўлида сафарбар этишда барча ёшларимизга ўрнак бўладилар, деб ишонаман.
Айни вақтда бугунги байрам арафасида кўп йиллар давомида ўз соҳасида катта натижаларга эришган, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган опа-сингилларимиздан 297 нафари “Мўътабар аёл” нишони билан тақдирланди.
Куни кеча қабул қилинган Фармонга мувофиқ, оила ва жамиятни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги муносиб хизматлари учун ҳурматли аёлларимиздан катта бир гуруҳи юксак давлат мукофотларига сазовор бўлдилар.
Келинглар, уларнинг барчасини самимий олқишлаб, чин дилдан табриклайлик!
Бугунги файзли, унутилмас кунда Сизлар билан бирга опа-сингилларимизнинг муносиб вакилларига ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларимизга ана шу фахрий унвон, орден ва медалларни топшириш мен учун катта фахр ва шарафдир.
Ҳурматли дўстлар!
Биз юртимиздаги ҳар бир аёл тимсолида, аввало буюк зот – Она сиймосини кўрамиз. Шу боис “Аввало онангизга ва яна бир бор онангизга яхшилик қилинг”, деган муборак ҳадисга амал қилиб, мўътабар оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни инсоний бурчимиз, деб биламиз. Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, Сизларнинг олдингиздаги бу қарзимиз ҳаққини, минг хазина билан ҳам адо этиб бўлмайди.
Биз яхши тушунамиз – хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланган жамиятда албатта тинчлик, адолат, эркинлик ва фаровонлик бўлади. Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади.
Барчамиз – Президентдан бошлаб энг қуйи бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар, ана шу муҳим мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур. Шундагина халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади.
Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!
Сизларни 8 март байрами билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Доимо яқинларингиз, фарзанд ва набираларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлиб юриш насиб этсин!
Умрингиз узоқ, бахтингиз зиёда бўлсин!
Гўзал байрамингиз муборак бўлсин!
Барчангизга катта раҳмат.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти