Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Қирғизистон Президенти билан учрашди
2021-02-27 | Сиёсат
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бишкек шаҳрига амалий ташрифи давомида бугун Қирғизистон Президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга йўллаган мактубини топширди.
Суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ривожи ҳақида фикр алмашди.
Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бугун денгиз портларига ва янги ташқи бозорларга энг қисқа йўл очадиган транспорт йўлаклари тизимини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқдаки, бу, ўз навбатида, минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллашуви, транзит юк ташувларини орттириш, хом-ашё, асбоб-ускуналар ва тайёр маҳсулотларни ташиш нархининг пасайишига хизмат қилади.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
(Қирғизистон Президенти ахборот хизмати олган сурат)
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги