Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида
2021-02-24 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, соҳада рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, бунинг асосида янги иш ўринларини яратиш ва ёш мутахассисларни тайёрлаш ҳисобига кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Марказий банк ва “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг 2023 йил 1 мартга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартибини жорий қилиш бўйича таклифлари маъқуллансин.
Белгилансинки:
қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмаси доирасида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металлар кейинчалик хом ашё кўринишида қайта сотиш ҳуқуқисиз тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки товар-хом ашё биржаси орқали нархнинг 15 фоизлик аванс тўловини амалга оширган ҳолда 180 кунга кечиктириб тўлаш шарти билан сотилади;
заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо металларни тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олиш учун “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖга қимматбаҳо металларга бўлган эҳтиёжини кўрсатган ҳолда мурожаат қилади;
заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар товар-хом ашё биржаси орқали 180 кунга кечиктириб тўлаш шарти билан олинган қимматбаҳо металлар учун тўловни кафолатлаш мақсадида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ билан келишилган ҳолда “Ўзмиллийбанк” АЖ кафолатини тақдим этади;
“Ўзмиллийбанк” АЖ товар-хом ашё биржаси орқали 180 кунга кечиктириб тўлаш шарти билан сотилган қимматбаҳо металлар учун банк кафолатини шартнома суммасининг 85 фоизигача (85 фоизи ҳам киради) миқдорда йиллик 2 фоизгача комиссия ундирган ҳолда тақдим этади;
сотиладиган қимматбаҳо металл бўйича “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ билан ҳисоб-китоблар тўлов кунидаги Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархи ва Марказий банкнинг курсидан келиб чиқиб амалга оширилади;
марварид, олмос ва қимматбаҳо тошларга импорт божхона божлари солинмайди (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3818-сон қарорига 1-илованинг 7101–7104 ТИФ ТН позициялари).
2. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йилда кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш учун зарур ҳажмдаги қимматбаҳо металлар “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан биржа савдолари орқали ва тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиладиган қимматбаҳо металлар ҳажми доирасида ажратилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Марказий банк ва “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси билан биргаликда 2022 ва 2023 йиллар учун Қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасини шакллантиришда кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш учун зарур ҳажмдаги қимматбаҳо металлар ажратилишини назарда тутсин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:
а) заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси механик (зарб) ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этилади. Бунда заргарлик буюмларига лазер усуллари ёрдамида туширилган шахсий тамғанинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш ишлаб чиқарувчининг зиммасига юкланади;
б) заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси билан тамғалаш усули заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил белгиланади;
в) аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилади. Бунда, ёмбиларни сотиш нархи ҳисоб-китоб амалга оширилган санадаги Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархи ва Марказий банкнинг курсидан кам бўлмаган миқдорда ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил белгиланади;
г) қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади;
д) қуйидаги ҳолларда қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ бўлган операцияларни амалга оширувчи шахслар томонидан мижозни, унинг вакилини ва бенефициар мулкдорни текшириш (улардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, таъсис ҳужжатлари ва бошқа маълумотларни сўраб олиш) талаб этилмайди:
нақд пулда ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилганда операциянинг умумий суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваридан ошмаган тақдирда;
операциянинг умумий суммасидан қатъи назар, ўзаро ҳисоб-китоб нақд пулсиз ва жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда.
Бунда, мижоз, унинг вакили ва бенефициар мулкдорнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга алоқадорлиги ҳақида асосланган шубҳалар мавжуд бўлган ҳолатларда операциянинг суммаси ва тўлов шаклидан қатъи назар, мижозни, унинг вакилини ва бенефициар мулкдорни текшириш чоралари кўрилиши лозим.
4. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни молиявий манба билан таъминлаш мақсадида кейинчалик микрокредитлар ажратиш учун “Ўзмиллийбанк” АЖга 30 миллион АҚШ доллари эквивалентида 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст фоиз ставкасида маблағ йўналтирсин.
5. Белгилансинки, “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан мазкур қарорнинг 4-бандида белгиланган маблағлар ҳисобидан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлари ва хом ашё харид қилиш, айланма маблағларини тўлдириш мақсадида куйидаги шартларда микрокредитлар ажратилади:
300 миллион сўмгача бўлган миқдорда 3 йил муддатга, 6 ойгача имтиёзли давр билан;
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида.
6. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси билан биргаликда:
“Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг асосланган буюртмаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ҳамда “устоз-шогирд” услубида заргарлик соҳасида талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича замонавий кўникмалар асосида ёшлар учун ўқув курслар ташкил этилишини;
заргарлик соҳасидаги замонавий ва инновацион технологиялардан фойдаланишга ўргатиш жараёнларига ишлаб чиқарувчи ташкилотлар вакиллари ва улардан фойдаланиш кўникмаларига эга малакали мутахассислар жалб этилишини таъминласин.
7. 2021–2023 йилларда заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, ёш мутахассисларни тайёрлаш ва яратиладиган янги иш ўринларининг мақсадли параметрлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ушбу бандда назарда тутилган мақсадли параметрларга тўлиқ ва ўз вақтида эришилиши бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.
8. Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар Солиқ кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин:
қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган парчаларни ва чиқиндиларни, қимматбаҳо металларнинг ўлчов пластиналари ва гранулалари, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод этиш;
2023 йил 1 мартга қадар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасига аъзо бўлган заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари учун берилган солиқ имтиёзларини татбиқ этиш.
9. Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Қўқон шаҳарлари ҳудудларида жойлашган йирик бозорларнинг заргарлик буюмларини чакана сотишга ихтисослашган савдо расталари ўрнида миллий бренд асосида ишлаб чиқариладиган заргарлик буюмларининг замонавий кўргазма-савдо дўконлари ва заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
10. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон миллий заргарлик брендини жаҳонга танитиш мақсадида 2021 йилда Дубай (БАА) шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “World Expo – 2021”, кейинчалик хорижий давлатларда ташкил этиладиган барча нуфузли кўргазмалар доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари намойиш этилишини ташкил этсин.
11. Белгилансинки, 2023 йил 1 январга қадар заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро кўргазмаларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилинади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган компенсация беришнинг вақтинчалик тартибини тасдиқласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3818-сон қарорига 2-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
13. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.
Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 22 февраль
Манба: ЎзА