Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш мутлақо янги тизимда ташкил этилади

2021-02-16 | Хавфсизлик соҳаси

Ички ишлар вазирлиги академиясида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 февраль кунидаги Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берган устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда Президент Администрацияси, вазирлик марказий аппарати вакиллари, бир қатор соҳавий хизматлар раҳбарлари, таълим муассасалари мутасаддилари, шунингдек Академия шахсий таркиби аъзолари иштирок этди.  
 
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишни Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов олиб борди. Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи лавозимига тайинланган полковник Рустам Хатамов жамоага таништирилди.   
 
Маълумки, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳа учун етук малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар вазирлиги академияси бу борада республикамизнинг етакчи олий таълим муассасаси саналади. Сўнгги йилларда мазкур ўқув даргоҳида кадрларни тайёрлаш, касбий тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар қилинди. Бироқ мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланишлар жараёнида таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш, ёш кадрларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини мустаҳкамлаш ҳам долзарб вазифага айланаётгани ҳеч кимга сир эмас.
 
– Ҳар биримиз ислоҳотларга мос қадам ташлашимиз лозим, – деди П.Бобожонов. – Ёшларимизнинг билим олиши учун замонавий шарт-шароитларни яратиш баробарида, ўқитишнинг илғор методларини ҳаётга татбиқ этишимиз лозим. Афсуски, орамизда эски андозалар билан дарс ўтадиган, давр руҳидан бир қадам ортда қолаётган педагогларимиз ҳам йўқ эмас. Таҳлилларга кўра, таълим даргоҳини битирган айрим ёш мутахассислар қисқа муддат ичида шахсий хоҳишларига кўра ўз хизмат вазифаларидан бўшаб кетиш, раҳбарлик лавозимларига тайинланган мутахассислар эса, бир йил ўтмасдан заиф томонларини намойиш қилмоқдалар. Бу каби муаммоларга касбий билим ва фазилатларнинг етишмаслиги асосий омил бўлмоқда.
 
Йиғилишда кадрлар тайёрлашда кечиктириб бўлмас бир қатор вазифаларга урғу қаратилди. Чунончи, таълим сифатини мутлақо янги тизимда йўлга қўйиш, бу борада халқаро тажрибанинг самарали механизмларини татбиқ этиш, назария ва амалиёт уйғунлигини янада мустаҳкамлаш, тингловчи-курсантларнинг касбий фазилатларини тизимли равишда юксалтириб бориш, Академиянинг илмий салоҳиятини ошириш, вазирлик таълим муассасалари ўртасидаги узлуксиз таълим сифатини ошириш борасида аниқ тавсиялар берилди.
 
Ички ишлар вазирлиги академияси зиммасига тизим ходимларининг малакасини ошириш, уларни касбий тайёрлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида илмий-методик ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ топшириқлар юкланди. Бу борада “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, профессор-ўқитувчилар томонидан жойларда ички ишлар ходимлари учун ўқув машғулотлари ташкил этилиб, криминоген вазияти оғир ҳудудларнинг аҳволини ўрганилади. Жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитлари илмий асослантирилган ҳолда таҳлил қилиниб, аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилади кўрилади.    
 
– Таълимда назария ва амалиёт ўзаро бир-бирини тўлдириши керак. Курсантларга билим бериш, амалий кўникмаларини шакллантириш билан чекланиб қолмасдан, мутахассислик кафедралари қошида жиноятчиликни прогнозлаш тизимини йўлга қўйишни ҳам давр тақозо этмоқда, – деди П.Бобожонов.
 
Йиғилишда Президент Администрацияси ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармасидан вакиллар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш масалаларига тўхталишди.
 
Академиянинг илмий ва илмий-педагогик салоҳиятини юксалтириш, ўқув жараёнига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш,  профессор-ўқитувчилар малакасини юксалтириш, уларни хорижий мамлакатларда қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларига жалб қилиш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга самарали татбиқ этиш, машғулотларни амалиётга яқинлаштирилган ҳолда ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг янги тизимини ишлаб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Поделиться