Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ички ишлар органлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди

2021-02-12 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишидаги ишлари танқидий муҳокама қилинди.

- Ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳамма шароитларни яратиб, энг замонавий техникаларни олиб бердик. Катта ваколат, куч ва воситалар бор. Лекин натижа кутилганидек эмас. Органлар якдил бўлиб, вертикал бошқарувни тўғри ташкил эта олмаяпти. Уларнинг ишидан халқимиз норози, - деди Шавкат Мирзиёев.

Тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарурлиги таъкидланди. Бу борада кўрилган дастлабки чоралар натижасида ўтган йили 4 минг 500 дан зиёд маҳаллада биронта ҳам жиноят булмаган. Лекин, кўп раҳбарлар маҳаллага тушиб ишламагани, муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, ҳал қилмагани оқибатида айрим маҳаллаларда жиноятлар ошгани кўрсатиб ўтилди.

Жиноятчиликни маҳаллаларда жиловлаш, профилактика инспекторининг иш юкламасини енгиллаштириб, натижадорлигини ошириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди.

- Қайси ҳоким профилактика инспекторини қабул қилиб, гаплашди? Унинг бир кунлик ишини, оилавий шароитларини ўрганди? Ҳамма "каттакон" участка нозирига буйруқ беради. У ҳамма нарса билан шуғулланяпти, кўп вақт йўқотяпти, асосий иши қолиб кетяпти. Ўзи энг катта меҳнаткаш - профилактика инспектори. Агар унга шароит яратсак, у давлатдан рози бўлиб ишласа, кўп масалалар ҳал бўлади, - деди Президент.

Ички ишлар идораларининг барча бўғинида қоғозбозлик ва бюрократияни кескин камайтириб, иш юритишни рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида ахборот технологиялари бўйича алоҳида вазир ўринбосари лавозими жорий этилгани маълум қилинди.

Соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, профилактика инспекторлари ва терговчиларнинг билимини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

- Ички ишлар ходимлари туну кун, ҳар қандай шароитда эл хизматида, - деди Президент. - Бу пандемия шароитида, Бухоро ва Сардобадаги оғир кунларда яққол кўринди. Бошқа пайт ҳам хавф-хатар доим уларнинг ёнида. Иш ҳақини белгилашда буни инобатга олиш зарур. Шунинг учун, жорий йилда барча ички ишлар ходимлари иш ҳақи 30 фоизга, жамоат хавфсизлигини таъминлашга бевосита жалб этилган, содда қилиб айтганда, маҳаллада хизмат ўтовчи ходимлар иш ҳақи эса 60 фоизга оширилади.

Йиғилишда айрим тузилмалар раҳбарлари лавозимидан озод этилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан ички ишлар вазири, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари ахборот берди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться