Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат раҳбари Риштондаги кулолчилик марказини кўздан кечирди
2021-02-04 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Риштон туманида қурилган Халқаро кулолчилик марказини бориб кўрди.
Илгари риштонлик кулоллар ўз уйида, тор устахоналарда ишларди. Хорижлик туристлар учун шароит йўқ эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги фармонидан кейин ҳунармандчиликни ривожлантириш ва ҳунармандлар учун кенг имкониятлар яратила бошланди. Мазкур фармонга мувофиқ, ўтган йилларда Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ҳунармандчилик марказлари қурилган эди. Риштондагиси машҳур кулолчилик йўналишида бўлди.
Бу ерда 20 та икки қаватли кулоллар хонадони, Риштон тарихи музейи, банк хизматлари маркази бунёд этилган. Уйларнинг биринчи қаватида устахона ва савдо дўкони жойлашган, иккинчи қаватда ҳунармандлар оиласи яшайди.
Хонадонларда 6 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд. Чет эллик сайёҳлар бу ерда яшаб, кулолларнинг иши билан танишиши мумкин.
Марказ фойдаланишга топширилиши билан 250 га яқин иш ўрни яратилди. Кулолчилик маҳсулотлари Бирлашган Араб Амирликлари, Чехия, Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқ устаси Алишер Назиров устахонасида бўлди. Кўргазмага қўйилган кулолчилик буюмларини кўздан кечирди.
- Бу идишларда меҳнат билан, юрак билан бирга тарих ҳам бор. Ҳамма йўналишларда миллий анъаналаримизни тиклаяпмиз. Сопол буюмларни ҳам яна оммалаштириб, ҳар бир хонадонга киритиш керак. Уларни чет элликлар жуда қадрлайди. Чунки чиройли, сифатли, экологик тоза. Юртимиздаги ҳар бир уйда мана шундай идишлар бўлса, ҳам миллий ифтихор, ҳам маънавият бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент таниқли кулоллар Музаффар Саидов ва Шарофиддин Юсупов хонадонига ҳам кириб, улар билан самимий суҳбатлашди.
Кулолларга айланма маблағ ва имтиёзлар бериш, бошқа ҳудудларимизда дўконлар очишига кўмаклашиш, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналарида кўргазма-савдо расталари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Халқаро кулолчилик марказида “Ҳунарманд” уюшмасининг туман бўлими, ўқув маркази ҳам жойлашган.
Қурилиш жараёнида шу ердаги Хўжа Рушноий мақбараси обод қилинган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу мақбарани ҳам зиёрат қилди.
Шу ерда вилоятда “маҳаллабай” тизими асосида ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев ўз уйида тикувчилик цехи очиб, маҳалла хотин-қизларини иш билан таъминлаган учкўприклик аёллар билан мулоқот қилди. Улар фаолиятини кенгайтириши учун логистикага қулай жойда замонавий комплекс қуриб бериш бўйича мутасаддиларга вазифа қўйди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти