Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Покистон делегацияси билан учрашди
2021-02-02 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довудни қабул қилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари икки мамлакатнинг амалий ҳамкорлигини изчил кенгайтиришга хизмат қилаётган фаол мулоқотлар ва алмашинувлар, пандемияга қарамасдан, давом эттирилаётганини таъкидлади. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб, етакчи компанияларнинг қўшма кооперация лойиҳалари сони кўпайиб бормоқда.
Абдул Раззоқ Довуд Ўзбекистон Президентига учрашув ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдирди ҳамда Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Маслаҳатчи Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиёни энг қисқа йўл билан боғлайдиган, Покистоннинг денгиз портларига чиқишни ва уларнинг инфратузилмаси самарали ишга солинишини таъминлайдиган темир йўл қуриш лойиҳасини илгари суриш тўғрисидаги ташаббус Покистонда юксак баҳоланиб, қўллаб-қувватланаётганини қайд этди.
Икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг бошқа долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Автомобиль ва ҳаво транспортида юк ташишларни ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқиш, преференциал савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш, божхона иши соҳасида тажриба алмашиш, ишбилармонлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш ва ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.
Олий ва юқори даражадаги бўлажак учрашув ва мулоқотлар режаси келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти