Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлатимиз раҳбари йирик кластернинг тўқимачилик корхонасини бориб кўрди

2021-01-21 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев “Bukhara Cotton Textile” корхонаси фаолияти билан танишди.

Бухородаги «BCT Cluster» пахта-тўқимачилик кластери мамлакатимизда энг биринчи тузилганлардан. У давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги қарорига асосан ташкил этилган.

Бугунги кунда мазкур кластер пахта етиштиришдан тортиб уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча технологик жараёнларни яхши ўзлаштирган. Хусусан, Ромитан туманидаги 8 минг гектар майдонда пахта етиштирилса, унинг толасидан ип йигириш, калавани бўяш, мато тўқиш ва кийим тикиш йўлга қўйилган.

“Bukhara Cotton Textile” корхонаси ушбу ишлаб чиқариш занжирининг охирги халқаси ҳисобланади. Уни ташкил этиш  учун 65 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестиция йўналтирилган.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу корхона илгари қаровсиз бўлиб қолган собиқ тўқимачилик комбинати ўрнида пайдо бўлди. Бу ерда битта эски бино капитал реконструкция қилиниб, 19 та янги бино ва иншоотлар барпо этилди. Германия, АҚШ, Бельгия ва Франциядаги илғор технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланди.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди.

- Жинси матолар ва маҳсулотлар чиқариш бўйича энг илғор давлатлар билан рақобат қилиш мумкин. Чунки еримиз, сувимиз, пахтамиз ўзимизники. Ишлайман деган ёшларимиз кўп. Таннархни яна пасайтирса бўлади. Лекин сифати халқаро даражада бўлса, дунёда албатта ўз ўрнини топади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мазкур тўқимачилик корхонасида 1500 нафар, кластер билан қўшиб ҳисоблаганда 6000 нафар ходим фаолият юритмоқда.

“Bukhara Cotton Textile” корхонасида дастлаб 8450 тонна калава ип йигирилади. Кейинги босқичда эса 15 миллион погонометр жинси матолар тўқилади. Учинчи-тўртинчи поғоналарда қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотга айлантирилади.

Бунинг иқтисодий самарадорлиги шундаки, дунё бозорида 1 килограмм тола қиймати хомашё сифатида 1,5 доллар бўлса, тайёр кийим қилиб сотилганда камида 25 долларга айланади.

Корхона ўзининг «B Jeans» брендига эга. Бу ерда йилига ўртача 12,5 миллион дона “деним классик” ва “деним стретч” шимлари ишлаб чиқарилмоқда. Юртимизда уларнинг харидори кўпайиб боряпти. 2020 йилда Бухоро, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида савдо дўконлари ишга туширилди.

Келгусида мамлакатимиз бўйича 50 та ана шундай дўкон очиш мўлжалланган.

Энг асосий мақсад эса ташқи бозорда ўрин эгаллаш. 2020 йилда 8,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Лекин бу биринчи қадамлар. Мамлакатимиз элчихоналари кўмагида чет элларда савдо нуқталари ташкил этиш режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу орқали йилига ўртача 50-60 миллион доллар миқдорида валюта тушумига эришиш мумкин.

“Bukhara Cotton Textile” корхонасида ишлаб чиқарилаётган жинси матолари рангининг табиийлиги билан ҳам ички ва ташқи бозорда устунликка эга. Бунинг учун чет элдан индигофера ўсимлиги уруғи олиб келиниб, 80 гектар майдонда етиштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари маҳсулотлар турини кўпайтириш, дунёга машҳур брендлар билан ҳамкорликда кийимлар ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда 2021-2022 йилларга мўлжалланган Бухоро вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, ёшлар бандлигини таъминлаш режалари тақдимоти ўтказилди.

- Халқ ичида юриб, ҳар бир ёшнинг муаммосини эшитиб, назоратга олиб, охир оқибат ҳал этиб берсак, вазият ўзгаради. Ёшлар ишлари агентлигининг асосий вазифаси шу бўлиши керак, - деди Президент.

Ёшларни касбга йўналтириш, тадбиркорликка ўқитиш, бизнеси ва ҳунармандчилигини очишга кўмаклашиб, бандлигини ошириш чоралари муҳокама қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться