Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари билан учрашув ўтказилди
2021-01-06 | Жамият
Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари билан учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи М.Маматхонов, шунингдек, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчилари, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари иштирок этган учрашувда 2020 йилда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, 2021 йилдаги ишлар режалаштириб олинди.
Дастлаб элчилар “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишди. У ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Учрашувда 2020 йилда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш ва мигрантларни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Президент раислигида 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, касбий тайёргарлик ва чет тилларини ўргатиш, молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат миграциясидан қайтган шахсларнинг интеграцияси, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, чет элларга кетаётган фуқароларга кредитлар ажратиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ижроси таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг тегишли давлат ташкилотлари вакилларидан иборат делегация аъзолари Россияда бўлиб, меҳнат мигрантларини рус тили ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ўқув дарсларини йўлга қўйиш имкониятларини ўрганди. Ташриф доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Россия Халқлар дўстлиги университети ҳамда “World Skills Russia” ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама меморандум имзоланди. Унга асосан, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Қозон ва Новосибирск Томск, Челябинск шаҳарларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини рус тили ва касбга ўқитиш йўлга қўйилди. Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 271 нафар, Ўзбекистонда Россияда ишлаш истагидаги 728 нафар ҳамюртимиз рус тили ва касбга ўқитилди.
Ўқув курсларида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қурилиш, хизмат кўрсатиш, транспорт ва логистика, техника ва технологиялар, ишлаб чиқариш, автомобилсозлик каби соҳаларда 25 та касб бўйича ўқитиш, шунингдек, рус тилини ўргатиш кўзда тутилган. Яъни мигрантлар Россия бозоридаги талаб юқори бўлган, юқори ойлик тўланадиган касбларга ўқитилмоқда.
Айни пайтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги меҳнат миграцияси соҳасини янада ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлардаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Япония билан имзоланган, махсус малакали ишчилар мақомига эга бўлган хорижий меҳнат ресурсларини ишга қабул қилиш тизимини амалга ошириш тўғрисидаги ўзаро ҳамкорлик меморандумига мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларини Японияга ишга юбориш тизимини жорий этиш учун Тошкент шаҳрида япон тили ва малака имтиҳонларини ўтказувчи тест маркази очилди. Бундан ташқари, дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари билан меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Хорижда ишлаб Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорликка ўқитиш, ички меҳнат бозорига мослаштириш борасидаги фаолиятини ташкил этишига кўмаклашиш мақсадида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курсларини тамомлаган 71 нафар меҳнат мигранти ва 60 нафар меҳнат инспекторига сертификат берилди. Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа асосида 185 нафар меҳнат мигранти ўқитилди. 2021 йилда яна 1,5 мингдан ортиқ меҳнат мигрантини тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилган.
Ҳар бир мамлакатда меҳнат мигрантларини ишга қабул қилишнинг ўз тартиби бор. Масалан, Россияда ишлаш учун патент олиш лозим. Бунинг учун эса Россия қонунчилиги ва рус тилидан махсус сертификат талаб этилади. Россияда бу ҳужжатларнинг ҳаммасини тўғрилаш учун кўп вақт ва анча маблағ талаб этилади. Эндиликда хорижда ишлаш ниятида бўлган фуқароларга рус тили ва Россия қонунчилиги бўйича сертификатни мамлакатимизда туриб олиш имконияти яратилди.
Маълумот учун, бугунги кунда Агентликнинг Кванджу (Корея Республикаси) ва Москва (Россия Федерацияси) шаҳарларидаги расмий ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, 2019 йилда Москва шаҳридаги ваколатхонанинг Санкт-Петербург шаҳридаги вакиллиги, жорий йилда Носовибирск, Екатеринбург, Самара ва Уфа каби Россия Федерациясининг 4 шаҳрида вакилликлар иш фаолиятини бошлади.
Жорий йилнинг ўтган даврида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 8 минг 690 нафар, хусусий бандлик агентликлари томонидан 714 нафар фуқаро хорижга ишлаш учун юборилди. 37 минг 48 нафар мигрантларга ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган 708,3 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялар ўндириб берилди.
Пандемия даврида Ташқи ишлар вазирлиги ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда 11 минг 500 нафардан ортиқ меҳнат мигрантига турли кўринишдаги моддий ёрдамлар кўрсатилган.
Бугунги кунда бундай муҳим чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Албатта, бу ишлар меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат миграциясини қонуний ва тартибли ташкил этишда муҳим омил бўлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги