Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси билан телефон мулоқоти тўғрисида
2020-12-30 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида томонлар кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, икки биродар халққа тинчлик, фаровонлик ва бардавом равнақ тиладилар.
Талант Мамитов давлатимиз раҳбарига коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилган катта кўмак ва амалий ёрдам, шу жумладан, Қирғизистон ҳудудларида мобил тиббиёт марказларини қуриш лойиҳалари амалга оширилгани учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали шериклик алоқаларини изчил мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги кун тартибидаги муҳим масалаларни, энг аввало, саноат кооперацияси, савдо, иқтисодиёт ва минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш чораларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил бошида Қирғизистондаги муҳим ички сиёсий тадбирларни ўтказишда муваффақият тилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти