Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
2020-12-30 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари бир-бирларини ва икки мамлакатнинг қардош халқларини кириб келаётган янги 2021 йил билан самимий табрикладилар, тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Ўтаётган йилнинг барча хатар ва қийинчиликларига қарамай, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг изчил ривожланиши таъминланганлиги алоҳида таъкидланди.
Давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликни, шу жумладан, савдо портфелини янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳалари, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва энергетика соҳаларида алоқаларни чуқурлаштириш лозимлигини қайд этдилар. Ҳудудлар ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш, маданий-гуманитар алмашинувнинг кенг дастурини амалга оширишга катта эътибор қаратилди.
Президентлар, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашиб, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентига 2021 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқига муваффақиятли раислик қилишини тилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти