Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент ёшларга: Аждодлардан ибрат олиб, ҳаётда мўъжизалар яратишга астойдил интилишингиз керак
2020-12-25 | Ёшлар
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар форумидаги иштироки, сўзлари ва ташаббуслари навқирон авлодга катта мотивация бағишламоқда.
– Буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмийнинг бир ҳикмати бор: “Сўз – гул, иш – мева”. Ўйлайманки, бугун белгилаб оладиган режаларингиз қанчалик пишиқ-пухта бўлса, ишингиз ҳам шунчалик яхши самара беради, – деди Шавкат Мирзиёев. – Сизлар кўп китоб ўқиган, билимли авлод сифатида юртимиз ўтмишда жаҳон цивизилизацияси бешикларидан бири бўлганини яхши биласиз. Сиз Хоразмийлар, Фарғонийлар, Беруний ва Ибн Сино, Улуғбек, Навоий ва Бобурлар, Бухорийлар, Термизийлар авлодисиз. Ана шундай буюк ватандошларимиз яратган бебаҳо билим ва кашфиётлар бугун ҳам бутун инсониятга хизмат қилмоқда.
Президентимиз ўз сўзида давом этар экан, бу ўринда қомусий олим Муҳаммад Хоразмий асос солган илм – “алгоритм”ни эслашнинг ўзи кифоялигини таъкидлади. Ушбу улуғ зотнинг беқиёс хизматларини инсоният ҳамон миннатдорлик билан эсламоқда. Унинг оламшумул кашфиётлари бугунги ахборот технологияларини яратишда ҳам асос бўлган.
Куни кеча олис Испаниянинг Мадрид шаҳридаги Комплутенсе университетида аллома бобомизнинг ҳайкали ўрнатилгани ҳам бу халқаро эътирофнинг яққол исботидир, деди Шавкат Мирзиёев. Машҳур аждодимиз хотирасига кўрсатилган бундай улкан эҳтиромни, биз айни вақтда халқимизга, унинг қадимий тарихи ва бой маданиятига кўрсатилган юксак ҳурмат рамзи сифатида қабул қилишимиз қайд этилди.
– Улуғ алломаларимиз, ўзларининг оламшумул кашфиёт ва ихтироларини сизнинг ёшингизда – айни кучга тўлган навқирон чоғларида амалга оширганлар. Сиз ҳам, буюк аждодлардан ибрат олиб, ҳаётда мўъжизалар яратишга астойдил интилишингиз керак, – дея таъкидлади Президент.
– Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Сизлар мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар. Юксак мақсадлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак. Мен сизларнинг зиммангизга юкланган ана шундай улкан масъулиятни, том маънодаги тарихий вазифани шараф билан адо этишингизга қатъий ишонаман.
Давлатимиз раҳбари ёшлар замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаши зарурлиги, бунинг учун барча куч ва имкониятлар ишга солинишини айтиб ўтди.
– Шу мақсадда таълим тизимида туб ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Соҳада мутлақо янги тизим – Президент ва ижод мактаблари, математика, химия, биология фанлари бўйича махсус мактабларни ташкил этяпмиз. Ёшларимизга IT технологияларни чуқур ўргатадиган таълим масканларининг сони тобора кўпайиб бормоқда.
Бу ишларимизнинг илк меваларини кўра бошладик. Сўнгги уч йилда мамлакатимиз ёшлари нуфузли халқаро танлов ва мусобақаларда беш ярим мингтага яқин совринли ўринларни қўлга киритди.
Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Фирдавс Абдуқаюмов IELTS дастури бўйича юқори балл тўплаб, АҚШнинг Жон Карролл университетида таҳсил олиш учун 96 минг долларлик грант соҳибига айланди. Фирдавс ўғлимни, унинг ота-онаси ва ўқитувчиларини чин дилдан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар тилайман.
Фирдавснинг издошлари сифатида Тошкент шаҳридаги Президент мактабидан Темур Сулаймонов, Намангандаги мактабдан Мироншох Иномжонов ва Азимжон Алижонов ҳамда бошқа кўплаб ўқувчилар нуфузли хорижий илм даргоҳларига қабул қилиндилар ва уларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда.
Биз бундай иқтидорли ёшларга ўз вақтида ҳар томонлама эътибор қаратиб, қўллаб-қувватласак, ўйлайманки, улар катта-катта зафарларни қўлга киритадилар.
Шу сабабли ёшларимизнинг нуфузли хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратамиз. Жумладан, халқаро таълим дастурлари бўйича энг юқори балларни тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Шавкат Мирзиёев умумхалқ ҳаракатига айланган беш муҳим ташаббусни амалга ошириш учун шароитларни яхшилаш масаласига тўхталиб ўтди. Шу мақсадда жойлардаги 459 та маданият марказини таъмирлаш ва жиҳозлашга доир алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
– Бу муаммони албатта ҳал қиламиз, – деди Президент. – Лекин мени масаланинг бошқа жиҳати кўпроқ ўйлантиради. Маданият ва санъат йўналишида ўқишни тамомлаган ёшларимизнинг кўпчилиги пойтахтда қолишни афзал кўряпти. Бу аҳволда, катта харажатлар эвазига жойларда барпо этилаётган маданият ва маърифат марказларида эртага ким ишлайди? Қишлоқлардаги ёш иқтидор эгаларини ким излаб топади, уларни ким тарбиялайди? Шу муносабат билан, вилоят ҳокимлари ҳар қайси туман ва шаҳардан 5 нафаргача ёшларни маданият ва санъат олийгоҳларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитади. Келгусида уларни ўз ҳудудида уй-жой ва мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш чораларини кўради.
Истеъдодли болалар учун имконият яратиш, кўрик-танловларнинг ғолиб ва совриндорларини доимий қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
– Агар масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, эртага мана шундай ёшлар, туман ёки шаҳарнинг “олтин фонди”га айланади ва шу ҳудуднинг обрўсини юксалтиришга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар қайси туман ва шаҳар ҳокимига 10-15 нафар мана шундай истеъдодли ёшни саралаб, уларни ҳар томонлама тарбиялаш ва мунтазам рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш вазифаси топширилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Изланувчан йигит-қизларни рағбатлантириш мақсадида жорий йилда ёшлар ўртасида энг яхши илмий ишланмалар учун умумий қиймати 30 миллиард сўмдан ортиқ бўлган “Ёш олимлар” инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди.
2021 йилдан бошлаб мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтириш бўйича кўрсатма берилди.
– Бу ишларимизни давом эттирган ҳолда, келгуси йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманларимизда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказларини ташкил қиламиз. Ёшларга халқаро IT сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади. Яқин икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилади.
Ўрни келганда, сизларга яна бир муҳим янгиликни айтиб ўтмоқчиман. Кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Агар мавжуд Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади.
Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендиялари жорий этилади.
Чунки бундай таълим масканларида ўқиётган ёшлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Улар эртага юртимиз тараққиёти учун хизмат қилади. Шундай экан, уларга ғамхўрлик қилиб, истеъдодини рағбатлантирсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади.
Илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги йилдан бошлаб магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотасини икки баробарга оширамиз. Ишончим комилки, бундай имконият ва имтиёзларга аввало янги Ренессанс пойдеворининг бунёдкорлари сазовор бўлади, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилиши айтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти