Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Виктория ва Альберт музейи И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор
2020-12-22 | Маданият
Буюк Британия билан маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Ўзбекистон элчихонаси Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва Лондондаги Виктория ва Альберт музейи (V&A) ўртасида онлайн-музокаралар ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир Нукус музейи учун зарур бўлган йўналишларда музейшуносларни тайёрлаш соҳасида икки музей ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида уюштирилди.
Анжуманда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раисининг маданий масалалар бўйича маслаҳатчиси Гулбаҳор Изентаева, И.Савицкий номидаги музей директори вазифасини бажарувчи Бахтиёр Серекеев, Виктория ва Альберт музейининг «V&A Academy» таълим академияси раҳбари Ян Эллард, халқаро лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси Евгения Равцова ва «V&A Academy» академияси ходими Малини Баллак иштирок этди.
Британияликларга Ўзбекистон маданий-тарихий меросини асраб-авайлаш ҳамда уни бутун дунёга тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида сўзлаб берилди.
Музейга виртуал экскурсия ташкил этилди, Қорақалпоғистон халқ амалий санъати ҳамда рус авангарди асарлари тўпламлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Британиянинг «The Guardian» журнали 2019 йил мазкур музейни “Ўзбекистон Луври” деб атагани таъкидланди.
Гулбаҳор Изентаеванинг сўзларига кўра, музей коллекциясида расмлар, қўёзмалар, ҳайкалтарошлик ва графика асарлари каби 82 мингдан ортиқ санъат намунаси мавжуд.
Буюк Британия вакилларига реставрация соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга таклиф қилинди. Чунки мазкур йўналишдаги мутахассислар етишмаётгани сабабли музей бугун мавжуд коллекциянинг атиги 2 фоизини намойиш қилмоқда.
Виктория ва Альберт музейи вакиллари ўзаро манфаатли ҳамкорликни узоқ муддатли асосда, шу жумладан музей коллекцияларини тиклаш бўйича махсус тренинглар ташкил этиш орқали ўрнатишга тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, «V&A Academy» раҳбари Ян Эллард 2021 йил И.Савицкий музейи мутахассислари учун музей ишлари бўйича ҳафталик интенсив ўқув курсларини ташкил этиш таклифини билдирди. Бу тадбирлар кўргазмаларни режалаштириш ва ўтказиш, коллекцияларни сақлаш, музей ашёларининг рақамли нусхаларини яратиш, кўргазма фаолиятини ривожлантириш, музейларда кейтеринг хизмати, нашриёт иши, рақамли аудиторияни яратиш, маркетинг ва бошқа йўналишдларни қамраб олади.
Томонлар меморандум имзолаш орқали амалий ҳамкорликни бошлашга келишиб олди.
Маълумот учун. Виктория ва Альберт музейи 1852 йил қиролича Виктория ва шаҳзода Альберт шарафига ташкил этилган. У дунёдаги энг йирик амалий ва декоратив санъат, дизайн ва ҳайкалтарошлик музейи ҳисобланади. Ҳар йили музейга 3,9 миллиондан ортиқ киши ташриф буюради.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги