Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” этиб белгиланди
2020-12-15 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш;
миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, республиканинг олис ҳудудларида ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш;
китоб савдосини ташкил этиш тартибларини соддалаштириш, янги нашр этилган китобларни етказиш ва ахборот манбаларини тарқатиш тизимини такомилл аштириш;
китоб етказиб берувчиларни замонавий ижтимоий эҳтиёжларга мослаштириш, инфратузилмани яхшилаш, ахборот-кутубхона марказларини чоп этиладиган босма нашрлар ва уларнинг электрон нусхалари билан тўлдириб бориш, электрон китоблар яратиш, китобларни рақамлаштириш ва электрон каталогларни тузиш ҳамда тизимли равишда янгилаб бориш;
аҳолининг китобхонлик даражаси ва китобга қизиқишини тизимли ўрганиб бориш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш, кутубхоначи кадрлар салоҳиятини ошириш;
хорижий асарларга онлайн буюртма бериш, уларни республика ҳудудига олиб келиш ва тарқатиш тизимини ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўзбекистон Республикасида 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасини “Китобхонлик ҳафталиги” этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Манба: «Янги Ўзбекистон»